Жанубий Кореяда жазирама пайтда пиёдаларга кўчаларнинг сояли қисмлари орқали энг қулай йўналишларни топишга ёрдам берадиган мобил илова оммалашмоқда.
Geuneullo: Summer Routes for Walkers иловаси белгиланган вақтда қуёшнинг ҳолати ҳамда бино ва дарахтлардан тушадиган сояни ҳисоблаб, энг “салқин” йўлни тавсия қилади. Шунингдек, фойдаланувчилар бошқа фойдали маълумотларни, жумладан, белгиланган манзилга етиб боришнинг тахминий вақти ва йўналишдаги сояли ҳудудлар фоизини ҳам олишади.
Бундан ташқари, илова ҳаракат йўналишидан келиб чиқиб, автобусдаги қайси ўриндиқларга қуёш нури камроқ тушишини ва метро вагонининг қайси томони қуёшга тескари тарафда жойлашганини кўрсатиб бера олади. Илова нафақат пиёдалар, балки югуриш ихлосмандлари учун ҳам соя, масофа ва йўлнинг маълум бир қисмидаги нишаблик даражаси каби омилларни инобатга олган ҳолда йўналишлар таклиф қилиши мумкин.
Мазкур иловани Сеул Миллий университетининг математика ва венчур бизнеси йўналишида таҳсил олувчи 23 ёшли Ю исмли талаба ишлаб чиққан. У Қуёш ҳаракати, фойдаланувчининг жойлашуви ва кун вақтини ҳисобга олган ҳолда соя жойларни аниқлаш учун ОpenStreetMap очиқ хариталаш платформаси маълумотларидан, шунингдек, бинолар, йўл бўйидаги дарахтлар ва жамоат транспорти ҳақидаги шаҳар маълумотларидан фойдаланган.
Юнинг сўзларига кўра, бундай лойиҳа ғояси у ёзнинг жазирама иссиғида ишга ва ўқишга қатнашдаги кундалик қийинчиликларга ўзи дуч келганидан сўнг пайдо бўлган.
Жанубий Корея аҳолиси бир неча кундан буён аномал жазирамадан азият чекмоқда. Маҳаллий ОАВ сув бўйида, савдо марказларида ва кондиционерлар билан жиҳозланган бошқа жамоат жойларида салқин излаётган одамлар гавжум бўлган видеоларни тарқатмоқда. Фавқулодда иссиқ об-ҳаво 20 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлгани хабар қилинмоқда.








