Daryo

Олимлар инсоннинг кўрадиган тушлари нимага боғлиқлигини аниқлади

Тадқиқот доирасида 18 ёшдан 70 ёшгача бўлган 287 нафар иштирокчининг 3 700 дан ортиқ тушлари ва кундузги кечинмалари таҳлил қилинди.

1 дақиқа ўқиш41 956 кўришлар0 изоҳ65

Баъзи тушлар ёрқин ва реалликка яқин, бошқалари эса ғира-шира ва узуқ-юлуқ бўлиши сабаби маълум бўлди. Италиянинг Лукка шаҳридаги ИМТ олий мактаби олимлари тушлар тартибсиз тарзда содир бўлмаслигини, уларга инсоннинг шахсий хусусиятлари ва ҳаётидаги воқеалар таъсир кўрсатишини аниқлади.

Тадқиқот доирасида 18 ёшдан 70 ёшгача бўлган 287 нафар иштирокчининг 3 700 дан ортиқ тушлари ва кундузги кечинмалари таҳлил қилинди. Икки ҳафта давомида қатнашчилар ҳар куни ўз тушларини ва кундузги муҳим воқеаларни қайд этиб борди. Олимлар эса параллел равишда уларнинг уйқу режими, когнитив қобилиятлари ва психологик ҳолатини ўрганди.

Маълумотларни қайта ишлашда сунъий интеллектдан фойдаланилди. У тушларнинг характери ҳамда шахсият чизгилари ўртасидаги боғлиқликни аниқлади. Масалан, хаёлпараст одамлар узуқ-юлуқ ва тез ўзгарувчан сюжетларни кўриши, тушларга катта аҳамият берадиган инсонларнинг тушлари эса мазмунан бой ва ҳиссий жиҳатдан барқарор бўлиши маълум бўлди.

Кундузги қайдлар ва тушлар тавсифи солиштирилганда, мия реалликни шунчаки нусхаламаслиги, балки уни қайта ишлаб, ўзгартириши ойдинлашди. Ишхона, шифохона ёки мактаб каби таниш жойлар тушда турли элементлар аралашиб кетган ва кутилмаган кўринишдаги саҳналарга айланади.

Олимлар, шунингдек, йирик воқеаларнинг тушларга таъсирини ҳам ўрганди. COVID-19 карантини даврида тўпланган маълумотлар ушбу босқичда тушлар янада кескинлашганини ва уларда чекловлар мавзуси кўп учраганини кўрсатди. Вақт ўтиб, одамлар вазиятга мослашгач, ушбу мотивлар йўқолган. Бу тушлар мазмуни ҳаётдаги катта ўзгаришларга нисбатан билдириладиган психологик реакция билан бирга ўзгаришидан далолат беради.

“Натижаларимиз шуни кўрсатадики, тушлар шунчаки ўтмишдаги тажрибанинг акси эмас, балки биз ким эканлигимиз ва нимани бошдан кечираётганимиз асосида шаклланадиган динамик жараёндир”, дейди ИМТ олий мактаби тадқиқотчиси Валентина Элче.

Қашқадарё вилоятиданман. 2024 йилда Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2025 йилдан буён Лифестйле таҳририяти мухбири лавозимида ишлайман. Достоевский асарларини, Рашод Нури Гунтекиннинг “Яшил кеча”сини, ўзбек адабиётидан “Икки эшик ораси”, “Мувозанат” асарларини севиб мутолаа қиламан. “Оқ кема”(Чингиз Айтматов асари), “Еттинчи бўлмадаги мўъжиза” (Туркия),“Мажнунтол” (Эрон) фильмларини яхши кўриб томоша қиламан.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар