Португалияда салкам 40 йилини аренада ўтказган Жули лақабли фил нафақага чиқарилди. Унинг янги уйи Алентежудаги “Пангеа” қўриқхонаси бўлди – бу Европада “меҳнаткаш ҳайвонлар” учун махсус яратилган илк маскандир.
Жулини 1980-йиллар охирида Африкада кичиклигида тутиб, Португалияга олиб келишган ва 1988-йили у ерда унинг циркдаги “фаолияти” бошланган. Ҳозир у назорат остидаги эркинлик шароитида яшамоқда ва янги жойида илк бор лойли ванна қабул қилишга ҳам улгурди.
2018-йилда мамлакат ҳукумати 2024-йилга келиб ёввойи ҳайвонлардан фойдаланишни тақиқловчи қонунни қабул қилди. Шундан сўнг қўриқхона фил эгаси билан келишиб олгунига қадар Жулиянинг доимий бошпанаси бўлмади. Тайёргарлик ва ташиш ишларига бир ярим йил вақт кетди.
Унинг “нафақаси” қанча давом этишини айтиш қийин. Табиатда филлар 70 йилгача умр кўрса, тутқунликда одатда икки баравар кам яшайди.
Қўриқхона 400 гектар майдонни эгаллайди ва 20–35 та филга мўлжалланган. У ерда барча ҳайвонлар эркин кезиши, озуқа излаши ва табиий муҳитда шахсий парвариш билан таъминланиши мумкин.
Йил охиригача Жулининг ёнига тахминан 40 йил аввал ёввойи табиатда тутилган яна бир урғочи Африка фили — Кариба келиб қўшилади. Ҳозир у Бельгия ҳайвонот боғида ёлғиз яшамоқда.








