Нью Йоркдаги Пресвитериан клиникасининг клиник психологи Жозеф Талершонинг илмий шарҳида қайд этилишича, аномал иссиқлик таъсири умумий кайфият ва ҳиссий барқарорликни мунтазам равишда пасайтиради. Ҳатто руҳий касаллик ташхиси қўйилмаган одамларда ҳам 21 °C дан юқори ҳарорат ижобий ҳис-туйғуларнинг камайиши ва чарчоқнинг кучайишига сабаб бўлади. Иссиқ об-ҳавонинг узоқ муддатли таъсири аҳоли орасида депрессия ва хавотирнинг юқори кўрсаткичлари билан боғлиқ.

“Аномал иссиқликнинг, ҳатто руҳий муаммолари бўлмаган одамлар учун ҳам, психиатрик оқибатлари нақадар кенг кўламли эканидан ҳайратландим”, дейди тадқиқот муаллифи.
Мавжуд руҳий касалликлари бор одамлар учун хатарлар анча юқори. Юқори ҳарорат ва юқори намлик биполяр бузилишга чалинган одамларнинг шифохонага ётқизилиши ҳолатлари ортиши билан чамбарчас боғлиқ. Иссиқ ва ёрқин қуёш нури одатий уйқу маромини бузади, бу эса ўз навбатида маниакал хуружларга туртки беради. Айниқса, жазирама тўлқинлари пайтида психотик бузилишлар, хусусан, шизофрениядан азият чекувчи одамлар юқори хавф остида қолади — улардаги ўлим даражаси оғир жисмоний касалликларга чалинган одамларникидан анча юқори.

Иссиқлик таъсири, шунингдек, тажовузкор хулқ-атвор ва зўравонликни ҳам кучайтиради. Ҳарорат кўтарилгани сайин жиноятчилик, оилавий зўравонлик ва қурол қўллаш билан боғлиқ зўравонлик кўрсаткичлари ҳам ортади. Олимлар буни жазираманинг узоқ муддатли таъсири тажовузкор импулсларни жиловлаш учун зарур бўлган ақлий ресурсларни ишдан чиқариши билан изоҳлайдилар. Зўравонликнинг кучайиши ўз-ўзига зарар етказиш ҳолатларида ҳам кузатилади: илиқ ойларда ўз жонига қасд қилиш ва ўзига шикаст етказиш сабабли шошилинч ёрдам бўлимларига мурожаат қилиш кўрсаткичлари сезиларли даражада ошади.

Жазирама ҳиссий ҳолатни тартибга солишдан ташқари, асосий когнитив функцияларни ҳам жисмонан издан чиқаради. Ҳаво ҳароратининг ноодатий кўтарилишига дуч келган одамларда реакция секинлашади, импулсивлик кучаяди ва ишчи хотира ёмонлашади. Бундай бузилишларнинг исботланган биологик асослари бор: жазирама вақтида кайфият ва стрессни бошқариш учун ўта муҳим бўлган нейротрансмиттерлар — серотонин ва дофаминнинг ишлаб чиқарилиш жараёнлари ўзгаради. Бундан ташқари, сувсизланиш қон айланиши ва мия ферментлари фаолиятини секинлаштиради, дим тунлардаги уйқусизлик эса асаб тўқималарида яллиғланиш жараёнларини кучайтиради.

Кўпгина антидепрессантлар, антипсихотиклар ва анксиолитиклар терлаш ҳамда қон томирлари тонусини бузиб, организмнинг табиий совиш қобилиятини сусайтиради. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, жазирама пайтида бундай дори-дармонларни қабул қиладиган беморларда иссиқлик асоратлари сабабли шифохонага ётқизилиш хавфи сезиларли даражада ортади.
Талерчонинг таъкидлашича, энди ҳеч бир минтақани “иқлимий бошпана” деб ҳисоблаб бўлмайди. Ҳатто яқин-яқингача АҚШ ва Европанинг экстремал жазирамадан нисбатан ҳимояланган деб кўрилган ҳудудларида ҳам сўнгги йилларда ҳарорат аномалияларининг кескин ўсиши кузатилмоқда.








