Доимий молиявий қийинчиликлар мия қаришини тезлаштириши мумкин. Лондон Университет коллежи олимлари Innovation in Aging журналида эълон қилинган тадқиқот натижасида шундай хулосага келишди.
Олимлар умр бўйи “Саломатлик ва ривожланиш миллий тадқиқоти” доирасида анкеталарни тўлдириб келган 2759 нафар британияликнинг маълумотларини таҳлил қилди. Улар бир қонуниятни аниқлади: вояга етганида доимий молиявий қийинчиликларга дуч келган ёки даромади доимий паст бўлган кишилар 53 ёшга келиб, когнитив тестларда ёмонроқ натижа кўрсатган.
Тадқиқот иштирокчиларининг бир қисми мия сканеридан ҳам ўтказилди. Олимларнинг аниқлашича, узоқ вақт кам даромад билан яшаган кишиларда кексаликда (69 ёшдан 71 ёшгача) мия саломатлиги ёмонлашгани, хусусан, унинг ҳажми кичрайгани кузатилган. Бу боғлиқлик ҳатто болаликдаги когнитив қобилиятлар, маълумот даражаси ва носоғлом оилавий муҳит каби натижаларга таъсир қилиши мумкин бўлган омиллар ҳисобга олингандан кейин ҳам сақланиб қолган.

Тадқиқотчилар молиявий қийинчиликлар сабабли мия қаришига олиб келиши мумкин бўлган бир нечта сабабни аниқлади. Улардан бири — сурункали стресс келтириб чиқарадиган яллиғланиш жараёнларидир. Пул ҳақидаги доимий хавотирлар ҳам когнитив юкламани ошириб, одамларда бошқа ақлий вазифаларни бажариш учун ресурсларни камайтириши мумкин.
Молиявий қийинчиликлар ва миянинг тез қариши ўртасидаги боғлиқлик бир неча гуруҳ одамларда, хусусан, эркакларда, болалигида ноқулай шароитда ўсганларда ҳамда Альцгеймер касаллигига мойиллиги бўлганларда айниқса кучли намоён бўлган.

Олимлар эркаклар ва аёллар ўртасидаги фарқни ночор аҳволдаги эркаклар орасида зарарли одатлар (чекиш ва спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш) кўпроқ тарқалгани билан изоҳлайди. Яна бир сабаб шуки, тадқиқот иштирокчилари Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда туғилган ва оиланинг асосий боқувчиси бўлишган.








