Олимлар шакар ўрнини босувчиларни истеъмол қилиш организмга салбий таъсир кўрсатиб, қаришни тезлаштириши мумкинлигини аниқлади. Бу ҳақда Science Daily журнали хабар бермоқда.
Бразилиянинг Сан-Паулу университети олимлари ўтказган тадқиқотга кўра, кенг тарқалган айрим шакар ўрнини босадиган моддалар вақт ўтиши билан хотира ва когнитив функцияларнинг ёмонлашувини тезлаштириши мумкин. Тадқиқотда 13 минг нафарга яқин вояга етган киши иштирок этди. Қатнашчиларнинг ўртача ёши 52 ёшни ташкил этди. Улар саккиз йил давомида кузатиб борилди.
Олимлар таркибида умуман калория бўлмаган ёки жуда кам миқдорда мавжуд бўлган еттита таъм берувчи моддани танлаб олдилар. Улар қаторига аспартам, сахарин, калий ацесулфам, эритрит, ксилит, сорбит ва тагатоза киритилди. Бу моддалар кўпинча хушбўйлантирилган сув, алкогольсиз ва қувват берувчи ичимликлар, йогуртлар ҳамда кам калорияли десертлар таркибига қўшилади.
/news/big/b/x/sahar-ili-saharozamenitel-chto-poleznee_16659966161820467111.jpg)
Шундан сўнг иштирокчилар тестдан ўтказилди. Улар мия фаолиятининг бир нечта жиҳатини, жумладан, нутқ равонлиги, ишчи хотира, сўзларни қайта айтиб бериш қобилияти ва ахборотни қайта ишлаш тезлигини ўлчади.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, шакар ўрнини босувчи моддаларни кўпроқ истеъмол қилганларда когнитив қобилиятлар 62 фоизга тезроқ пасайган. Бу мойиллик, айниқса, қандли диабетга чалинган одамларда яққол кузатилди. Бундай фарқни бир ярим йилдан ортиқ қўшимча қариш билан қиёслаш мумкин.
“Кам калорияли ва калориясиз ширинлаштиргичлар кўпинча шакарнинг соғлом муқобили деб ҳисобланади, бироқ бизнинг натижаларимиз шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг айримлари вақт ўтиши билан мия саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин”, дейди тадқиқот муаллифи, Бразилиянинг Сан-Паулу университети тиббиёт ва фалсафа доктори Клаудия Кими Суэмото.








