Мўмай даромад ортидан бошқа шаҳарларга кўчиб ўтмоқчи бўлганлар одатда бу ердаги ўртача иш ҳақини солиштиради. Бироқ The Economist нашри шаҳарлардаги иш ҳақининг юқорилиги иккита омилга боғлиқ эканини маълум қилди.
1. Шаҳар ҳар қаерда ҳам юқори даромад топа оладиган малакали ишчиларни жалб қилади;
2. Шаҳарнинг ўзи ҳар қандай ходим унумдорлигини оширадиган иқтисодий муҳитга эга.
Мутахассислар мигрантларга иккинчи тоифадаги шаҳарларга интилишни тавсия қилади. Бироқ “жой” ва “шахс” омилини бир-биридан ажратиб олиш қийин. Яқинда Калифорния университети ходими Гаурав Канна бошчилигидаги тадқиқотчилар LinkedIn платформасидаги 500 миллиондан ортиқ инсоннинг иш фаолияти тарихини ўрганиб чиқди. Уларнинг тадқиқоти ходимларнинг маошидаги ўзгаришларда айнан “жой” (шаҳар) фактори қанчалик рол ўйнашини кўрсатди. Натижада 300 дан ортиқ шаҳарлардаги ҳудудий устамалар таққосланди.
Дунё шаҳарларидаги ҳудудий устаманинг глобал ўртача кўрсаткичдан фарқи:
- Тошкент -36 фоиз паст
- Бишкек -55 фоиз паст
- Анқара -27 фоиз паст
- Истанбул -24 фоиз паст
- Москва +18 фоиз кўп
- Боку -3 фоиз паст
- Кобул -71 фоиз паст
- Остона -4 фоиз паст
Каннанинг ҳисоб-китобларига кўра, муайян бир мамлакат ичидаги шаҳарлар ўртасидаги маош фарқининг 45 фоиздан 73 фоизгача бўлган қисми “жой” омилига тўғри келади, қолгани эса шахсларнинг индивидуал кўрсаткичларига боғлиқ. Халқаро даражада эса харид қобилияти ва инфляция ҳисобига “жой” омили маошдаги фарқларнинг 93 фоизини ташкил этади.
Лихтенштейн пойтахти Вадуц энг катта устамага эга. Йирик давлатлар орасида АҚШ шаҳарлари энг юқори ўринда туради. Сан Франциско ва Нью Йорк каби кўплаб иш ўринларига эга, зич ҳамда саноати хилма-хил мегаполислар бу борада энг юқори кўрсаткичларни кўрсатган.
Бой давлатлардаги юқори устамага эга шаҳарлар, одатда, ўртача маоши энг баланд бўлган шаҳарлар ҳамдир. Шу сабабли иш ҳақи кетидан қувган мигрантлар иқтисодий жиҳатдан самарали жойларга бориб қолади. Аммо қашшоқ мамлакатларда аҳвол бундай эмас. Мисол учун, ҳиндистонликлар Бангалор каби катта, юқори маошли шаҳарларга кўчиб ўтганда, уларнинг кўпчилиги унчалик катта бўлмаган устама билан кифояланади. Аксинча, энг катта маош ўсиши унинг атрофидаги кичикроқ шаҳарчаларда кузатилади. Чунки у ерда уй-жой танқислиги, электр узилиши ва тирбандлик каби муаммолар камроқ, лекин катта шаҳарнинг қулайликларидан фойдаланиш имкони бор.
Агар Ҳиндистоннинг шаҳарлари инфратузилмаси АҚШ даражасида кенгайтирилиб, кўпроқ ходимларни сиғдира олганида, мамлакатдаги ўртача иш ҳақи миқдори 2,3 фоиздан 4,3 фоизгача ошган бўларди. Муаллифлар шунга ўхшаш ўзгаришлар Мексикада иш ҳақини 5 фоизга, Нигерияда эса 8 фоизга оширишини таъкидламоқда.
Ишчилар кўпинча шаҳар ҳақиқатан ҳам унумдорроқ бўлгани учун яхши ҳақ тўлаяптими ёки у ерда шунчаки иқтидорли одамлар яшаётгани учунми буни ажрата олмайди. The Economist хулосасига кўра, одамларга ишлаш учун тўғри шаҳарларни танлашда ёрдам бериш бутун мамлакат иқтисодиёти ўсишига хизмат қилади.








