Apple компанияси iPhone 20 Pro Max учун 6,96 дюймли экранни синовдан ўтказмоқда. Хитойлик инсайдер Digital Chat Dtation’нинг маълум қилишича, у катта эҳтимол билан 7 дюймли дисплей сифатида тақдим этилади.
Экран катталашганига қарамай, смартфон томонлари нисбати 6,9 дюймли экранга эга iPhone 17 Pro Мах билан бир хил бўлиб қолади. Бу янги қурилманинг ўлчами деярли ўзгармаслигини таъминлайди.
Apple компанияси iPhone 20 смартфонини унинг 20 йиллиги муносабати билан 2027-йилда чиқаришни режалаштирмоқда. Телефонлар iPhone 18 Pro ва iPhone 18 Pro Max ўлчамларига яқин бўлган икки хил ҳажмда ишлаб чиқарилади. Premium моделлар янада илғор технологик жараён асосида яратилган А21 чипларга эга бўлиши мумкин. Шунингдек, компания доимий етказиб берувчиси билан бир қаторда ишлаб чиқаришнинг бир қисми учун Intel хизматларидан фойдаланиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.
Янги iPhone’нинг асосий хусусияти — тўртала томонидан эгилган ва орқа шиша қопқоқ билан бирлаштирилган, тўлиқ ромсиз AMOLED дисплей бўлиши кутилмоқда. Шу сабабли смартфон қўлда “бир бутун шиша парчаси”дек ҳис этилади.
Олд камера, Face ID датчиклари ва бошқа қисмлар тўлиқлигича экран остига яширилади. Бундай ечим дисплей ўлчамининг корпусга нисбатини деярли 100 фоизга етказиш имконини беради.
iPhone Air 2

Apple 2027 йил бошида ўта юпқа iPhone Air смартфонининг иккинчи авлодини чиқаради. У ўзидан аввалгисидан анча такомиллаштирилган техник таъминоти, жумладан, камералар тизими билан фарқланади.
Тахминларга кўра, iPhone Air 2 биринчи авлод моделининг асосий дизайн ечимларини сақлаб қолади. Шунингдек, унда ўта кенг бурчакли камера пайдо бўлиши кутилмоқда.
iPhone Air 2 қурилмаси iPhone 18 Pro ва iPhone 18 Pro Max моделларида қўлланиладиган Apple А20 Pro чипсетига эга бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Apple автоном ишлаш вақтини узайтириш устида ишламоқда. Бироқ ўзгаришларга нима ҳисобига эришилиши ҳозирча номаълум.








