Париждаги аномал юқори ҳарорат туфайли Эйфель минораси 10 смга “ўсди”. Бу ҳақда RTL радиостансияси экспертга таяниб хабар бермоқда.
Минора очилган пайтда унинг баландлиги 300 м бўлган, бироқ 2022-йилда унга яна 30 м қўшган радиоантенна ўрнатилди. Иссиқлик таъсирида у ўз баландлигини ўзгартириши мумкин. Темир иншоот кенгаяди ва ҳатто бир оз юқорига чўзилади.
“Ҳарорат минус 10 даражадан плюс 40 даражагача ўзгарганда, Эйфель минораси тахминан 10 сантиметрга ўсади. Бу ҳар 10 даражага икки сантиметрдан тўғри келади”, дейди муҳандис ва меъмор Бертран Лемуан.
Унинг сўзларига кўра, бу ҳодиса одамлар учун сезилмайди, чунки уни оддий кўз билан кўриш қийин. Миноранинг ўзига эса бу фақат узоқ муддатли истиқболда салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

“Миноранинг бундай кенгайиши ва ҳаракатланиши металлда кучланишни келтириб чиқариши мумкин. Агар симни олиб, бир марта бурасангиз, ҳеч нарса бўлмайди. Агар уни юз марта бурасангиз, у зўриқишга учрагани учун охир-оқибат синиб кетади”, дея аниқлик киритган муҳандис.
Шунингдек, эксперт миноранинг ҳарорат таъсирида ўз тузилишини ўзгартириши учун кўп вақт керак бўлишини таъкидлади. Бироқ ҳозирда на иншоот тузилмаси учун, на бахтсиз ҳодиса юз бериши учун ҳеч қандай хавф йўқ, чунки металл 1500 °C да эрийди.
Францияда ҳам, Европанинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби сўнгги кунларда аномал жазирама кузатилмоқда. Ҳаво ҳарорати 40 °C гача, баъзи жойларда эса ундан ҳам юқорига кўтарилмоқда. Бу мамлакат учун янги рекорд бўлди. Шунингдек, аномал иссиқ туфайли Францияда ўлим ҳолатлари кескин кўпаймоқда.








