АҚШнинг Филаделфия шаҳридаги “Lincoln Financial Field” стадионида 2026-йилги Жаҳон чемпионати “C” гуруҳининг 2-туридан ўрин олган Бразилия ҳамда Гаити терма жамоалари ўртасидаги учрашув ўз ниҳоясига етди. Қизиқарли ва кескин курашлар ўртасидаги баҳсда “пентакампеонлар” 3:0 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди.
Учрашувдаги барча голлар биринчи бўлимда киритилди. Ўйиннинг 23-дақиқасида Матеус Куня ҳисобни очган бўлса, 36-дақиқада у ўз дубльини расмийлаштирди. Биринчи таймга қўшиб берилган учинчи дақиқада (45+3) эса Винисиус Жуниор учинчи голга муаллифлик қилиб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди.
Ғалабага қарамай, бразилияликлар ушбу ўйинда йўқотишга учради. 40-дақиқада вингер Рафинья жароҳат олиб, майдонга майсасига ўтириб қолди ва шифокорлар ёрдамидан сўнг ўйинни эрта якунлашга мажбур бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 1-турда Бразилия терма жамоаси Марокаш билан дуранг (1:1) ўйнаган, Гаити эса Шотландияга имкониятни бой (0:1) берган эди. Гуруҳнинг ҳал қилувчи 3-тур баҳслари 25 июнь куни бўлиб ўтади: унда Бразилия Шотландияга қарши, Гаити эса Марокашга қарши майдонга тушади.
Жаҳон чемпионати
“C” гуруҳи, 2-тур
Бразилия — Гаити 3:0
Голлар: 1:0 — Куня (23), 2:0 — Куня (36), 3:0 — Винисиус Жуниор (45+3).
Маълумот ўрнида: ЖЧ—2026 гуруҳ босқич ўйинлари 27 июнга қадар давом этади. Қоидаларга кўра, ҳар бир гуруҳдан энг яхши натижа қайд этган иккита жамоа, шунингдек, учинчи ўринни эгаллаган жамоалар орасидан энг яхши кўрсаткичга эга бўлган 8 та терма жамоа плей-офф босқичига йўлланма олади.








