Қирғизистон собиқ президенти Курманбек Бакиевнинг укаси Ахмат Бакиев 66 ёшида вафот этди. Бу ҳақда мамлакатдан қочиб кетган собиқ давлат раҳбарига яқин шахслар ижтимоий тармоқларда маълумот тарқатди.
Ҳозирча Ахмат Бакиевнинг ўлими сабаблари ва тафсилотлари очиқланмади. Дастлабки маълумотларга кўра, марҳум ўзи туғилиб ўсган юрти — Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида дафн этилади.
Ахмат Бакиев 2011 йилнинг август ойида бир қатор жиноятларда айбдор деб топилган эди. Хусусан, суд уни оммавий тартибсизликлар уюштириш, миллатлараро адоватни қўзғатиш, товламачилик ва фирибгарликда айблаб, 7 йил муддатга қатъий тартибли жазони ижро этиш колониясига ҳукм қилган.
У дастлаб 35-сонли жазони ижро этиш муассасасида сақланган, бироқ кейинчалик соғлиғи ёмонлашгани сабабли касалхонага ўтказилган. 2012 йилнинг март ойида эса Ахмат Бакиевнинг шифохонадан қочиб кетгани маълум бўлган эди.
Курманбек Сали ўғли Бакиев Қирғизистоннинг иккинчи президенти бўлиб, у мамлакатни 2005 йилдан то 2010 йилгача бошқарган. 2010 йилдаги Қирғизистон инқилоби натижасида ҳокимиятдан ағдарилган ва мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. Ҳозирда у Беларусда истиқомат қилади.








