3 апрель куни Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида бокс бўйича Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалолов ҳаёти ва спортдаги ютуқларига бағишланган “Токиога йўл” бадиий фильми премераси бўлиб ўтди.

Фильм Янги Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда юқори натижаларга эришиш йўлида шаклланаётган муҳитни очиб беради. Шу билан бирга, у мамлакат имижини халқаро майдонда мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим миллий контент сифатида эътироф этилмоқда.
Саҳналаштирувчи режиссёр Акром Исаков фильм орқали миллий ютуқларни дунёга тўғри етказиш муҳимлигини таъкидлади.

“Бизни бутун дунё тан олди. Бугун ҳатто буюк давлатлар ҳам ўзбеклар ҳақида бошқача бир ҳайрат билан гапиришмоқда. Энди бу ютуқларни фильм орқали бутун дунёга етказишимиз керак. Фильмнинг йўналиши бошқа, тарғиботи эса янада кучли бўлиши керак. Миллатнинг чўққига кўтарилиши учун оилада меҳр-оқибат ва миллий қадриятлар эътибордан четда қолмаслиги зарур”, деди Исаков.
У, шунингдек, президентимизнинг юртимиз маданияти ва спортига қаратган эътиборига миннатдорчилик билдирди. “Ёш авлод учун намуна бўладиган бундай лойиҳалар уларни юқори натижаларга интилишга илҳомлантиради”, деди режиссёр.

Ташкилотчиларга кўра, мазкур лойиҳа миллий контент сифатида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Фильм намойишларини хорижда, жумладан, Японияда ўтказиш, шунингдек, онлайн платформалар орқали кенг аудиторияга етказиш режалаштирилган. Бу орқали ўзбек спорти ва маданиятининг дунё миқёсидаги обрўсини янада ошириш кўзда тутилган.
Фильм устида тажрибали сценарийнавислар, режиссёр ва операторлардан иборат жамоа ишлаган. Картинада маҳаллий ва хорижий актёрлар иштирок этиб, бош қаҳрамон образини чуқур ва таъсирчан ёритишга эришилган. Шу билан бирга, фильм томошабинга Баҳодир Жалоловнинг нафақат спортдаги, балки ҳаётий курашларини ҳам ҳис қилиш имконини беради.

Фильм ижодкорлари:
- Сценарий муаллифлари: С. Кузминиҳ, Н. Нарзуллаев, С. Аббосов;
- Саҳналаштирувчи режиссёр: Акром Исаков;
- Саҳналаштирувчи операторлар: Ҳ. Алиев, Б.Йўлдашев, А. Алейников, Ж.Абдураҳмонов, Б.Бердиев;
- Саҳналаштирувчи рассом: Д. Абдурахмонов;
- Монтаж устаси: М. Насуллоев.
- Фильмда асосий ролларни Дадахон Обидов, Саида Раметова, Боир Холмирзаев, Филип Рейнхард, Осаму Ямомото, Масая Като, Каан Ялчин, Мария Шамшина, Ричард Ли Уилсон, Эркин Комилов, Жавоҳир Зокиров, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Фарҳод Болтаев, Гулруҳ Пирназаровалар ижро этган.








