Қирғизистон ички ишлар вазири Улан Ниязбеков жамоат жойида тамаки чеккани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Nur.kz хабар берди.
Сигарет чекаётган эркак ва унинг олдига яқинлашаётган полициячи акс этган видео маҳаллий Telegram каналида тарқалди. Маълум бўлишича, тамаки чеккан вазирни унинг қўл остидагилари жаримага тортган. Улан Ниязбеков қонунбузарлик учун 3 минг сом (417 минг сўмдан ортиқ) миқдорида жарима тўлаган. Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмий Instagram саҳифасида муносабат билдирди:
“Ижтимоий тармоқларда жамоат жойида чекиш ҳолати акс этган видеоёзув тарқалгани муносабати билан шуни маълум қиламизки, ички ишлар органлари ходимлари томонидан қонунда белгиланган тартибда баённома расмийлаштирилди. Жарима тўлиқ тўланди”, дейилади баёнотда.
Вазирлик лавозимидан қатъи назар, Қирғизистон қонунчилиги талабларига барча бирдек бўйсуниши шартлигини таъкидлади.
“Ички ишлар органлари ҳуқуқ нормаларига риоя этилишини ҳамда барчанинг қонун олдида тенглиги принципини изчил таъминламоқда”, дейилади хабарда.
Маълумотни тасдиқлаш учун вазир номига расмийлаштирилган баённома ва жарима тўланганини кўрсатувчи чек ҳам илова қилинган.








