Қарши шаҳрида ички ишлар ходимлари қидирувда бўлган йигитни аёл қиёфасида юрган пайти ҳибсга олди. Бу ҳақда 14 март куни Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди

Маълум қилинишича, вилоятда хавфсиз ва соғлом юрт профилактик тадбирлари ўтказилаётган бўлган. Жараёнда жамоат хавфсизлигини сақлаш ходимлари Жиноят кодексининг 228 ва 168-моддалари билан қидирувда бўлган 25 ёшли Р.Ж.ни қамоққа олган.

Йигит Қарши шаҳрида яшаб келган. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар назаридан четда қолиш мақсадида ўз қиёфасини мутлақо ғайриоддий тарзда ўзгартириб юрган. Йигит аёлларга хос кийиниш услубида ҳаракатланиб, атрофидагиларга ҳам, ҳатто баъзи ҳолатларда таниш-билишларига ҳам ўзини танитмасликка уринган.

“Бироқ тажрибали патрул-пост батальони ходимларининг синчковлиги туфайли мазкур ҳолат шубҳа уйғотган. Текширув жараёнида унинг шахси аниқланиб, қидирувда экани маълум бўлди. Ҳозирда ушбу фуқаро ушланиб, вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди”, дейилади хабарда.

​Жиноят кодексининг 228-моддасида ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланганлик учун жазо назарда тутилган. Моддага асосан, БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима қўлланилиши мумкин. Ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолаш белгиланган.

168-модда билан эса фирибгарликка қўл урганлар жазоланади. Модда асосида БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш каби жазолардан бири берилади.