Қозоғистонда миграция режимини бузган 40 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан чиқариб юборилди. Бу ҳақда Олмаота полиция департаменти хабар берди.
Улар учун барча хавфсизлик қоидаларига риоя қилинган ҳолда махсус автобус йўналиши ташкил этилган ва фуқаролар Қозоғистон–Ўзбекистон чегарасигача етказилган.“Қозоғистон республикасининг миграция қонунчилигига риоя этилишини таʻминлаш доирасида Олмаота шаҳрида бўлиш тартибини бузган Ўзбекистоннинг 40 нафар фуқароси мамлакатдан чиқариб юборилди”, дейилади полиция хабарида.
“Биз миграция қонунчилигига риоя этилишини ва чет эл фуқароларининг шаҳар ҳудудида бўлишининг қонунийлигини назорат қиламиз. Аниқланган шахслар миграция режими қоидаларини бузган ва қонунга мувофиқ мамлакатдан чиқариб юборилди.
Бизнинг вазифамиз — шаҳар аҳолиси хавфсизлиги ва жамоат тартибини, шунингдек, Қозоғистон республикаси ҳудудида бўлганларнинг қонунчиликка риоя этилишини таъминлашдан иборат”, дея таъкидлади Олмаота шаҳар ИИБ миграция хизмати бошқармаси бошлиғи Еркин Амантаев.








