Лондонда Британия кино ва телевидение санъати академиясининг навбатдаги мукофотларини топшириш маросими якунланди. Кечанинг асосий воқеаси — Леонардо Ди Каприо ва Тимоти Шаламенинг мукофоциз қолгани ҳамда ғолибликни эндигина танилаётган актёрларга бой бергани бўлди.
Бирлашган Қиролликда анъанавий тарзда “Оскар” арафасида ўтказиладиган ва дунёдаги энг нуфузли мукофотлардан бири саналган ушбу тадбир ўзгача шукуҳда ўтди. Қизил гилам бўйлаб ўтиш маросимини Британиянинг севимли қаҳрамони — Паддингтон айиқчаси очиб берди. Кечада таниқли актёр Алан Камминг бошловчилик қилди.
Маросимнинг энг ҳаяжонли лаҳзалари “Энг яхши эркак роли” номинациясида кузатилди. Ушбу совринга Леонардо Ди Каприо (“Жанг ортидан жанг”), Тимоти Шаламе (“Ажойиб Марти”), Итан Ҳоук (“Мовий ой”), Майкл Б. Жордан (“Гуноҳкорлар”) ва Жесси Племонс (“Бугония”) каби кино оламининг энг машҳур юлдузлари даъвогарлик қилган эди.
Бироқ кутилмаганда ғолиблик британиялик актёр Роберт Арамаёга (“Қасам ичаман”) насиб этди.
Пол Томас Андерсоннинг “Жанг ортидан жанг” картинаси жами 14 та номинация билан маросим рекордчиси бўлган эди. Якунда ушбу ижодий жамоа 6 та йўналишда ғолибликни қўлга киритишга муваффақ бўлди.
• Энг яхши фильм: “Жанг ортидан жанг” (One Battle After Another)
• Энг яхши режиссёр: Пол Томас Андерсон (“Жанг ортидан жанг”)
• Энг яхши актёр: Роберт Арамаё (“Қасам ичаман”)
• Энг яхши актриса: Жесси Бакли (“Хамнет”)
• Иккинчи пландаги энг яхши актриса: Вунми Мосаку (“Гуноҳкорлар”)
• Иккинчи пландаги энг яхши актёр: Шон Пенн (“Жанг ортидан жанг”)
• Энг яхши оригинал сценарий: “Гуноҳкорлар”
• Энг яхши визуал эффектлар: “Аватар: Аланга ва кул”
• Британиялик режиссёр, ссенарист ёки продюсернинг энг яхши дебюти: “Отамнинг сояси” — Акинола Дэвис-кичик (режиссёр), Уэйл Дэвис (ссенарист)
• Энг яхши кастинг: “Қасам ичаман”
• Энг яхши анимацион фильм: “Ҳайвонлар шаҳри 2”
• Энг яхши мослаштирилган сценарий: “Жанг оритдан жанг”
• Энг яхши хорижий фильм (инглиз тилида бўлмаган): “Сентиментал қадрият”
• Энг яхши Британия фильми: “Хамнет”








