Daryo

Камбағаллик юракни тез қаритади — тадқиқот

Шифокорлар одатда анъанавий хавф омиллари (холестерин, чекиш, қон босими ва уйқу сифати)га эътибор қаратишади, бироқ бемордан унинг юрак саломатлигига бевосита таъсир қилиши мумкин бўлган ижтимоий ва экологик муҳит, айниқса, молиявий ҳолати ҳақида камдан-кам ҳолларда сўрашади.

2 дақиқа ўқиш3 167 кўришлар0 изоҳ2

АҚШлик бир гуруҳ мутахассислар 280 мингдан ортиқ катта ёшли инсонларнинг маълумотларини таҳлил қилиб, кутилмаган хулосага келишди. Маълум бўлишича, саломатликнинг ижтимоий детерминантлари, яъни кундалик ҳаётимизни шакллантирувчи тиббий бўлмаган омиллар юрак-қон томир тизими ҳолатида ҳал қилувчи рол ўйнайди. Олимлар молиявий стресс ва сифатли озиқ-овқат етишмовчилигини юракнинг муддатидан олдин қаришига сабаб бўлувчи энг асосий икки омил сифатида кўрсатмоқда.

“Юрак ёши” тушунчаси инсоннинг ҳақиқий ёшига нисбатан унинг юраги қанчалик “қариганини” ифодалайди. Агар юрак ўз эгасининг ёшидан “катта” бўлса, ҳаёт учун ўта хавфли ҳолатлар — юрак хуружи (инфаркт) ва инсульт хавфи бир неча баробар ортади.

Меё клиникасининг Юрак-қон томир тадқиқотлари маркази директори Амир Лерманнинг таъкидлашича, шифокорлар одатда анъанавий хавф омиллари (холестерин, чекиш, қон босими ва уйқу сифати)га эътибор қаратишади. Бироқ бемордан унинг юрак саломатлигига бевосита таъсир қилиши мумкин бўлган ижтимоий ва экологик муҳит, айниқса, молиявий ҳолати ҳақида камдан-кам ҳолларда сўрашади.

Фото: iStock

Доимий молиявий қийинчиликлар эса шунчаки оддий тушкунлик эмас, балки организмдаги аниқ ўлчаш мумкин бўлган жисмоний ўзгаришларга сабаб бўлади. Макговерн тиббиёт мактабининг кардиология профессори Жон Хиггинснинг тушунтиришича, молиявий стресс бошқа турдаги стресслардан кўра хавфлироқдир, чунки у сурункали, мунтазам такрорланувчи ва аксарият ҳолларда энг катта таъсирга эгадир.

Илм-фанга маълумки, сурункали стресс организмда кортизол гормонининг кўпайишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида қон босимининг кўтарилиши ва холестерин миқдорининг ошишига замин яратади.

Одатда, яллиғланиш организмнинг ҳимоя реакцияси ҳисобланади, бироқ у узоқ давом этса, артерия қон томирларида атеросклеротик қуйқалар ҳосил бўлишига олиб келади. Оқибатда томирлар торайиб, қон айланиши қийинлашади, бу эса фожиали якун — инфаркт ёки инсультга сабаб бўлади.

Мақола муаллифлари ушбу тадқиқот натижалари шифокорларни ҳушёрликка чорлашига умид қилмоқда. Эндиликда юрак хавфини баҳолашда беморнинг ижтимоий ва молиявий ҳолати ҳам стандарт текширувларга қўшилиши лозим.

“Бу маълумотлар юрак касалликларининг олдини олиш нафақат тиббий, балки ижтимоий масъулият эканини яна бир бор тасдиқлайди”, дея хулоса қилди доктор Хиггинс.

Soliyeva Sevaraxon Akram qizi. 1996-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2018-yilda O‘zbekiston davlat jahon tillari universitetining Tarjima nazariyasi va amaliyoti yo‘nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар