Daryo

Садир Жапаровдан муддатидан олдин президент сайловларини ўтказиш сўралди

Жамоавий мурожаатга 75 нафар шахс имзо чекди. Улар орасида олимлар, собиқ бош вазирлар, депутатлар ва жамоат арбоблари ҳам бор.

1 дақиқа ўқиш6 947 кўришлар0 изоҳ1

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Жўқорғи Кенеш спикери Нурланбек Тургунбек ўғлидан муддатидан олдин президент сайловларини ўтказиш сўралди. Олимлар ва собиқ депутатлар жамоавий мурожаат йўллади. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.

Ҳужжатга 75 нафар шахс, жумладан, олимлар, собиқ бош вазирлар, собиқ депутатлар ва жамоат арбоблари имзо чеккан. Мурожаатда амалдаги президент 2021 йилда эски Конституция асосида сайлангани, бироқ ўша йилнинг апрелида Асосий қонун янгилангач, президентлик муддати масаласида ҳуқуқий талқинлар бўйича келишмовчиликлар юзага келгани таъкидланган.

Мурожаат муаллифлари янги Конституция қабул қилингач, у кучга киргунга қадар сайланган амалдаги президент ваколатлари муддати бўйича ноаниқлик юзага келганини билдирди. Ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар ва сиёсий арбоблар бу масалада икки қарама-қарши фикрга бўлингани айтилади:

  • айримлар муддатидан олдин сайлов ўтказишни ягона тўғри ечим деб ҳисоблайди;
  • бошқалар эса олти йиллик муддат якунланишини кутиш тарафдори.

Мурожаат муаллифлари яқин фурсатда сайлов ўтказилиши “турли талқинлар, қўшимча изоҳлар, жамоатчилик баҳслари ва Конституциявий судга эҳтимолий мурожаатларнинг олдини олиши мумкин”, деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, мактубда амалдаги ҳокимиятнинг асосий ютуқлари ҳам санаб ўтилган. Жумладан, давлат чегаралари билан боғлиқ масалаларнинг ҳал этилиши, коррупцияга қарши кураш, қуролли кучларнинг мустаҳкамланиши ҳамда ижтимоий соҳадаги ижобий ўзгаришлар қайд этилган.

Мурожаатда зудлик билан эътибор қаратиш лозим бўлган муаммолар, давлат қарзининг ўсиши, нархларнинг кўтарилиши ва маҳаллий аҳолининг мамлакатдан чиқиб кетиши ҳам кўрсатиб ўтилган. Қирғизистон президенти маъмурияти муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш чақириғи бўйича мурожаатга ҳозирча изоҳ бермаяпти.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар