Daryo

Қирғизистон президенти ўғли ва укаси ЙТҲда ҳалок бўлгани ҳақида гапирди

Садир Жапаров сўнгги 10 йил ичида мамлакатда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари бўйича хавотирли статистикани келтирди. Шунингдек, шахсий йўқотишларини эсга олди.

2 дақиқа ўқиш10 100 кўришлар0 изоҳ2

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда сўнгги 10 йил ичида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари бўйича хавотирли статистикани эълон қилди. Шунингдек, у ўғли, укаси ва унинг турмуш ўртоғи автоҳалокат қурбони бўлгани ҳақида сўзлаб берди. Бу ҳақда Kabar хабар берди.

Жапаровнинг сўзларига кўра, ўн йил ичида йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 9 120 киши ҳалок бўлган, яна 13 260 киши жароҳатланган. Жабрланганларнинг қарийб ярми ногирон бўлиб қолган. Бу эса давлат зиммасига қўшимча ижтимоий мажбуриятлар, жумладан, нафақалар тўлаш масъулиятини юклайди.

Қирғизистон раҳбари йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида кўрилган шахсий йўқотишлари ҳақида ҳам гапирди. Жумладан, унинг туғишган укаси турмуш ўртоғи билан ЙТҲга учраб, воқеа жойида ҳалок бўлганини айтди.

“Уларнинг тўрт нафар фарзанди турли жароҳатлар олган, аммо тирик қолган. 2019 йилда катта ўғлим ҳам ЙТҲ оқибатида вафот этди. Бундай фожиага учраган одамлар эса минглаб топилади”, деди Садир Жапаров.

Унинг фикрича, ўлим билан тугайдиган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун йўл ҳаракати қоидаларини пухта ўрганиш зарур. Жапаровнинг тўнғич ўғли Дастан 2019 йил август ойида Бишкекда содир бўлган ЙТҲ оқибатида вафот этган. 27 ёшли Дастан бошқарувидаги мототцикл автомобиль билан тўқнашиб кетган. Оқибатда президентнинг ўғли оғир жароҳатлар олган ва бир неча кундан кейин шифохонада жон берган.

Маълумот ўрнида,  Садир Жапаров ўғли автоҳалокатга учраганида жазони ижро этиш муассасасида бўлган. Сиёсатчи 2017 йил августида Первомай туман суди томонидан 2013 йилда Қоракўл шаҳрида ўтказилган митингни ташкил этишда шериклик қилганликда айбланиб, 11 йил-у 6 ой муддатга қатъий режимли колонияга ҳукм қилган эди.



2017 йил сентябрида сиёсатчининг отаси — 84 ёшли Нуркўжо ажий вафот этган. Ўшанда Жапаровнинг адвокатлари уни отасининг дафн маросимига қўйиб юборишни сўраган, бироқ бунга рухсат берилмаган.

2019 йил 9 март куни Жапаров онасининг дафн маросимида иштирок этиш учун вақтинча озод этилган. Ўшанда у сиёсий баёнот билан чиқиб, аввалги ҳокимият (собиқ президент Алмазбек Атамбаев даври) уни ноқонуний ва адолатсиз равишда қамоққа олганини айтган. 2019 йил баҳорида Қирғизистон Олий суди унинг жазони ўташ муддатини 10 йилгача қисқартирган. Сиёсатчи 2020 йил 6 октябрь куни парламент сайловларидан кейинги намойишлар фонида қамоқдан чиққан.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар