Голливуд юлдузлари миллионлаб мухлислар учун гўзаллик, муваффақият ва мукаммаллик тимсоли бўлиб кўринади. Бироқ камера ортида уларнинг феъл-атвори ҳамиша ҳам ёрқин образларига мос келавермайди. Баъзи машҳурлар ўзининг ҳаддан ташқари талабчанлиги, такаббурлиги ва инжиқликлари билан ижодий жамоалар ҳамда ташкилотчиларни қийин аҳволга солиб қўяди. Қуйида шон-шуҳратга эришган бўлса-да, мураккаб характери билан танилган айрим машҳурлар ҳақида сўз юритамиз.
Женнифер Энистон
Айтишларича, гўзал малласоч Женнифер Энистон жуда манман ва такаббур. Radar Online сайти мухбири билан суҳбатда исмини ошкор қилишни истамаган ҳамкасбининг айтишича, у суратга олиш майдончасида ишлаётганида ҳеч қачон ижодий гуруҳ аъзолари билан бирга тушлик қилмайди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас: бошқа бир манбанинг айтишича, актриса сценарий муаллифлари қаҳрамонининг исмини ўзгартирмагунча фильмда рол ижро этишдан бош тортган экан. Аслида Женнифер дастлаб Анжелина исмли қиз ролини ўйнаши керак эди, бироқ актриса учун шахсий ҳис-туйғулар касбий маҳоратдан кўра биринчи ўринда туради.“Бошқалар билан бирга овқатланмайдиган ягона одам - Жен. У тезда тушлигини олиб, ўзининг VIP-трейлерида ёлғиз овқатланишни афзал кўради”, дейди суратга олиш жараёнида актриса билан бирга ишлаган инсайдер.
Женнифер Лопес
Жаҳон миқёсидаги санъаткорларнинг ўзига яраша инжиқликлари мавжуд. Шоу-бизнесда шундай машҳурлар борки, уларнинг истаклари барча чегаралардан ошиб кетади. Женнифер Лопес ҳам ана шундайлардан бири. 2013-йилдаёқ поп-юлдуз Ҳиндистондаги крикет турнирининг очилиш маросими ташкилотчиларига ўз ташрифи учун шундай шартларни қўйганки, бу уларни лол қолдирганди.
Айтишларича, ўшанда қўшиқчи воқеа жойига етиб келиш учун шахсий самолёт ҳамда 90 кишидан иборат жамоасининг барча аъзолари учун энг қиммат меҳмонхона хоналарини талаб қилган. Табиий, ташкилотчилар бу талабларни қабул қилмаган. Натижада санъаткорнинг ўрнига рэпер Pitbull таклиф қилинади.
2014-йилда фильм суратга олиш жараёнида Лопес ўзини жуда такаббурона тутган. Женниферни машҳур актёрлар ўраб турган бўлса-да, у ҳамма билан фақат шахсий ёрдамчиси орқали гаплашган. Айнан 2014-йилда хореограф Рози Переснинг хотиралари чоп этилади. Унда у Лопес билан ишлаш тажрибаси ҳақида ҳикоя қилган. Маълум бўлишича, 90-йилларда ҳам хонанда худди шундай хатти-ҳаракат қилган. Розининг айтишича, “Ёрқин рангларда” сериалини суратга олишдан олдинги машғулотлар пайтида Лопес унга Америка геттосидаги қизни эслатган. “У тинмай бақирар ва кўкрагига муштлари билан урарди”, дея эслайди Перес ўз китобида.
Бейонсе
Яна бир америкалик юлдуз Бейонсе талаблари бўйича Жей Ло билан бемалол рақобатлашади. Уни бежиз Қиролича Би деб аташмайди - хонанданинг феъл-атвори худди маликаларникидек. Масалан, Daily Star газетасининг хабар беришича, қўшиқчининг талабномасида қуйидагилар кўрсатилган: пардоз хонасида ҳар бири 600 доллар турадиган ичимликлар учун титанли найчалар, шунингдек, ҳарорати айнан 21 даража бўлиши шарт бўлган ишқорли сув (Ҳ даражаси 7,1 дан юқори бўлган сув) шишалари бўлиши керак.
Бундан ташқари, у ташриф буюргунича пардоз ва кийим алмаштириш хоналарининг деворлари қайтадан бўялиши, ҳожатхоналарга эса янги унитазлар олиб келиниши лозим. Бундан ташқари, санъаткор билан мулоқотда бўладиган барча ходимлар фақат юз фоиз пахтадан тикилган кийимда бўлишлари талаб этилади.
Меган Фокс
Сўнгги йилларда актриса фильмларда рол ўйнамаяпти. Ҳатто у машҳур бўлган “Трансформерлар” фильмида ҳам унинг ўрнини Рози Хантингтон-Уайтли эгаллади. Маълум бўлишича, карьераси тўхтаб қолишининг сабаби фақатгина Меганнинг шахсий ҳаётига эътибор қаратгани эмас экан. Аслида ҳамкасблари унинг ниҳоятда оғир феъл-атвори ҳақида эшитган ва шу сабабли уни суратга олишга таклиф қилишни исташмайди.
“Трансформерлар” фильмини суратга олиш чоғида Меган режиссёр Майкл Бейни Гитлерга ўхшатган, доимо кечиккан ва фильм билан боғлиқ фотосессиялар, премьералар, матбуот анжуманлари ҳамда бошқа тадбирларга қатнашишни ўзига эп кўрмаган.
Фокснинг баъзи ҳамкасблари Мисрда содир бўлган кўнгилсиз воқеани ҳам эсга олишади. Суратга олиш гуруҳи бир нечта саҳнани тасвирлаш учун у ерга учиб борган, аммо суратга олиш бекор қилинган. Режиссёр Майкл Бей ноқулайликлар учун узр сўраб, барчани машҳур пирамидаларга саёҳатга таклиф қилган. Аммо Меган бутун саёҳат давомида тинмай нолиган ва ҳар қандай йўл билан ўз норозилигини кўрсатган.
Шерон Стоун
2014-йилда Шерон Стоун “Тилла бола” фильмида бош ролни ижро этади. Қийинчиликлар суратга олиш ишлари бошланишидан олдинги музокаралар пайтидаёқ юзага келади. Фильмнинг италиялик продюсери ва режиссёри Антонио ва Пупи Аватиларнинг The Hollywood Reporter журналида айтишича, Голливуд юлдузи улар билан манманлик билан муомала қилган.
Машҳур де Грисогоно брендининг вакиллари ҳам Шероннинг такаббурлигига дуч келган. Паге Сих журналининг манбасига кўра, Франциянинг энг нуфузли меҳмонхоналаридан бирида ўтказиладиган йиллик зиёфатга заргарлик уйи томонидан таклиф этилган Стоун ташриф учун 300 минг доллар, ўзи ва ходимларига 8 та меҳмонхона хонаси ҳамда АҚШдан келиш-қайтиш учун шахсий самолёт талаб қилган. Тадбир ташкилотчилари, табиийки, бундай шартларга рози бўлишмайди: Шерон ўрнига Ким Кардашьян таклиф этилади, у қимматбаҳо зираклар эвазига кечанинг асосий меҳмонига айланишга рози бўлади.








