Японияда Кисигава темир йўл станциясига янги бошлиқ тайинланди. Бу сафар лавозимни Энтама лақабли ола мушук эгаллади, деб хабар бермоқда “Правила жизни”.
Энтама 7 январь куни ўтказилган митти маросимда расман “лавозимга киришди”. Тадбир давомида Wаkayama Electric Railway темир йўл компанияси станция бошлиғининг янги амалиётчиси — Рокутама исмли мушук ҳам жамоатчиликка таништирилди.
Компания президенти Мицунобу Кожима Энтаманинг бўйнига “станция бошлиғи” унвони ўйиб ёзилган махсус медални тақиб қўйди. У мушук “маҳаллий темир йўллар қийин даврни бошдан кечираётган бир пайтда станция ишига омад ва эътибор олиб келишига” умид билдирди.
Кисигава станциясида мушукни бошлиқ ва омад рамзи сифатида тайинлаш анъанаси 2007-йилда бошланган. Ўшандан буён бу ноодатий ёндашув аввал зарар кўриб ишлаган темир йўл линиясига минглаб сайёҳларни жалб қилиб келмоқда.
Станциянинг илк мушук бошлиғи Тама бўлган. CNN маълумотларига кўра, айнан Тама туфайли йўловчилар оқими 17 фоизга ошган ва лойиҳа минтақа иқтисодиётига қарийб 1,1 миллиард иена (тахминан, 9,2 миллион АҚШ доллари) миқдорида фойда келтирган.








