Daryo

Электр ва газ узилишлари корхоналар тўлиқ қувватда ишлашига асосий тўсиқлардан бўлмоқда — Марказий банк

Ўтган чоракда қатор ҳудудларда ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси пасайган. Бунга баъзи омиллар таъсир этгани билдирилди.

1 дақиқа ўқиш10 527 кўришлар0 изоҳ0

Марказий банк 2025 йил III чораги учун “Бизнес кайфияти шарҳи”ни эълон қилди. Сўровномага асосланган таҳлилда уч ой давомида Ўзбекистондаги тадбиркорлик фаолиятида ижобий тенденция кузатилгани қайд этилган.

Сўровномада иштирок этган тадбиркорлардан 62 фоизи ҳозирги шароитларни II чоракдагидан яхшироқ деб баҳолаган. Қатнашчилар бизнес муҳитидаги ижобий ўзгаришларни банк хизматлари сифати, рақобат муҳити ва йўл инфратузилмаси яхшилангани, лицензия олиш жараёнлари соддалашгани ҳамда маъмурий аралашувлар камайгани билан изоҳлаган.

“Шу билан бирга, монополлашув даражаси, солиқ маъмурчилиги, энергия таъминоти ва божхона тарифлари бўйича ҳолат ўтган чорак даражасида сақланиб қолди”, дейилади шарҳда.

Июль—сентябрь ойларида мамлакатдаги иқтисодий фаоллик кўрсаткичлари апрель-майдагига нисбатан ўзгаришсиз сақланиб қолган. Хусусан, буюртмалар ва юк ташиш ҳажмлари, энергия истеъмоли ҳамда қўшимча ишчи кучига бўлган талаб ўзгармаганини таъкидлаган тадбиркорлар улуши II чоракка нисбатан сезиларли кўпайган. Ўсиш кўрсаткичи Сурхондарё, Сирдарё, Наманган ва Навоий вилоятлари, Тошкент шаҳри ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилган.

III чоракда ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси Сирдарё, Бухоро, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида сезиларли ошган бўлса, Андижон, Жиззах, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида пасайган.

Тадбиркорлар тўлиқ қувватда фаолият юритмаслигининг асосий сабаблари сифатида қатор муаммоларни келтирган. Жумладан, республика бўйича аксар корхоналар етарлича фаолият олиб бора олмаслигида электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишлар бош омиллардан эканини билдирган. Шу билан бирга, айланма маблағлар камлиги, автомобиллар учун ёнилғи нархлари қимматлашиши, солиқ тизимидаги мураккабликлар ва ижара харажатлари юқорилиги тўлиқ қувватда ишлашга тўсқинлик қилаётган сабаблар сифатида келтирилган.

Марказий банк ўрта муддатли истиқболда тадбиркорларнинг мамлакат иқтисодий ривожланишига бўлган ишончи ижобий сақланаётганини билдирган.

Farg‘onadanman. Oʻzbekiston Milliy universitetini tamomlaganman. “Daryo”da 2022-yildan beri muxbirman. Iqtisodiy-siyosiy voqealarni yoritib boraman. Yoqtirgan kinolarimdan biri — “Shoushenkdan qochish”. Oxirgi o‘qilgan kitoblardan iqtisodchi olimlar Daron Ajemo‘g‘li va Jeyms Robinson hammuallifligidagi “Mamlakatlar tanazzuli sabablari…” kitobi yoqdi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар