Daryo

Давлат бюджети: 2026 йилда нималарга кўпроқ харажат қилинади?

Келаси йилда Ўзбекистон бюджети даромад ва харажатлари сезиларли ошиши кутилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги дастлабки прогнозларни тақдим этди.

3 дақиқа ўқиш9 076 кўришлар0 изоҳ3

Келаси йилда Ўзбекистон бюджети даромад ва харажатлари 2025 йилдагидан сезиларли ошиши кутилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим этган маълумотларда асосий прогнозлар ўрин олган.

Жадвал: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Даромад кутилмалари

2026-йилда давлат бюджети даромадлари 368,9 трлн сўмни (ЯИМнинг 18,7 фоизи) ташкил этиши кутилмоқда. Таққослаш учун, жорий йилги даромадлар кутилмалари 345,2 трлн сўм.

Келаси йили даромадларнинг 286 трлн сўмдан ортиғи солиқ ва божхона тушумлари бўлади. Бунда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи энг кўп пул келтиради — 88,8 трлн сўм. Шу билан бирга, фойда солиғи (64,5 трлн сўм) ҳамда ҚҚС (48,9 трлн сўм) бюджетга нисбатан юқори миқдорда маблағ олиб келади.

Нималарга харажатлар қилинади?

Келаси йилда давлат бюджети харажатлари 402,4 трлн сўмни (ЯИМнинг 20,4 фоизи) ташкил этиши кутилмоқда. Маълумот учун, 2025-йилдаги бюджет чиқимлари 388,9 трлн сўм бўлиши прогноз қилинган.

2026-йилда энг кўп харажатлар ижтимоий соҳага қилинади — 220 трлн сўм (2025-йилда 206 трлн сўм бўлиши кутилмоқда). Бу жами бюджет чиқимларининг 54,7 фоизига тенг.

Иқтисодиёт харажатларига 55 трлн сўм йўналтирилади (жорий йилда 58 трлн сўм). Келаси йилда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 21 трлн сўм ажратилади. Шунингдек, давлат қарзига хизмат кўрсатишнинг фоиз харажатларига 25 трлн сўм ажратилади. Таққослаш учун, 2025-йилдаги бу кўрсаткич 20 трлн сўм бўлиши кутилмоқда.

Ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисми таълимга йўналтирилади — 100,3 трлн сўм. Кейинги йирик чиқимлар соғлиқни сақлашга кетади — 48,9 трлн сўм.

Келаси йилда бюджет тақчиллигини қоплаш харажатлари қарийб 59,6 трлн сўмни ташкил этиши прогноз қилинган. Ўз навбатида бюджет тақчиллигини молиялаштириш учун 2,5 млрд доллари миқдорида ташқи давлат қарзи олиниши белгиланган.

2026-йилда Пенсия жамғармаси харажатлари жами 86 трлн сўм бўлиши кутилмоқда. Шундан 23 трлн сўми бюджетдан берилади. Қолгани жамғарманинг ўз даромадлари ҳисобидан қопланади.

Келаси йилда субсидиялар 28,3 трлн сўм ажратилиши белгиланган. Бу давлат бюджети харажатларининг 7 фоизини ташкил этади. Шундан 17 трлн сўми аҳолига паст тарифларнинг қўлланиши ҳисобига энергетика ва транспорт корхоналарига етказилган зарарни қоплашга сарфланади. Хусусан, газ олди-сотдисидан кўрилган зарар субсидиясига 5,9 трлн сўм ажратилади (2025-йилда 7,0 трлн сўм). Шу билан бирга, иссиқлик таъминотига 3,8 трлн сўм (жорий йилда 4,8 трлн сўм) йўналтирилиши белгиланган.

Нафақалар, моддий ёрдам ва аҳолига бошқа имтиёзли тўловларга 17 трлн сўм сарфланади. Таққослаш учун, 2025-йилда бу кўрсаткич 17,3 трлн сўм бўлиши кутилмоқда.

2026-йилда президент ва ҳукумат қарорларига мувофиқ қабул қилинган давлат дастурларини амалга ошириш учун жами 50,2 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган. Сув хўжалиги эксплуатацияси харажатлари 10,4 трлн сўм, “Ташаббусли бюджет” учун 6 трлн сўм, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларни сақлашга 6,7 трлн сўм йўналтирилади.

Келаси йили давлат ходимлари иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдори қўшимча оширилишига 6 трлн сўм ажратилиши белгиланган.

Ҳудудлардан кутилмалар

2026-йилда маҳаллий бюджетлар даромадлари 76 трлн сўм, харажатлари 95,6 трлн сўм бўлиши кутилмоқда. Бунда 19,5 трлн сўмлик тақчиллик республика бюджетидан қоплаб берилади. Ҳудудлар кесимида энг кўп даромад (12,6 трлн сўм) ва харажатлар (12,9 трлн сўм) Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиши прогноз қилинган. Энг кам тушум (2,2 трлн сўм) ва чиқимлар (2,9 трлн сўм) Сирдарё вилоятида амалга оширилади. 

Farg‘onadanman. Oʻzbekiston Milliy universitetini tamomlaganman. “Daryo”da 2022-yildan beri muxbirman. Iqtisodiy-siyosiy voqealarni yoritib boraman. Yoqtirgan kinolarimdan biri — “Shoushenkdan qochish”. Oxirgi o‘qilgan kitoblardan iqtisodchi olimlar Daron Ajemo‘g‘li va Jeyms Robinson hammuallifligidagi “Mamlakatlar tanazzuli sabablari…” kitobi yoqdi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар