“Дарё”да Тошкент вилоятининг Чиноз туманида ЙПХ инспектори давлат рақами ечиб олинган автомобильда ЙТҲ содир этгани, Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов ЙТҲ сабабчиси бўлган ходим “авария”га қадар ишдан олинганини айтгани баён этилган мақола эълон қилинганди. Таҳририятга келиб тушган навбатдаги ҳужжат вазирлик ахборот хизмати нафақат ОАВ вакилига, улар орқали жамоатчиликка ҳам ёлғон ахборот тарқатганини тасдиқланди.
Бу ИИВ ўз тизимидаги ходимлари билан муаммоли вазият юзага келганда, уларнинг воқеадан бир неча кун олдин ишдан бўшатилганини баёнот бериши билан боғлиқ илк ҳолат эмас.
Туман прокурори ёрдамчиси А. Ёқубжоновнинг ўрганишларига кўра, 2025 йилнинг 12 август куни Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 4-батальон ЙПХ инспектори Даврон Йўлдошев тахминан соат 04:30 да уйқудан туриб, 05:20 ларда ўзига тегишли Cobalt’да уйидан чиқиб, 4-батальон базасига эрталабки йўриқнома учун йўлга отланган. ЙПХ инспектори ишга шошаётгани боис, М39 автомобиль йўлининг Чиноз туман ҳудудидан ўтган қисмида тезликни белгиланган меъёридан ошириб, Тошкент шаҳридан Самарқанд шаҳрига ҳаракатланиб кетаётган Gentra’га урилган. Натижада Gentra ҳайдовчиси Файзулла Убайдуллаев оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.
Рақамсиз автомобильда ҳаракатланиб келган ЙПХ инспектори (гувоҳлар ЙПХ инспектор автомобильи ўша куни рақамсиз бўлганини тасдиқлаган — таҳририят изоҳи) Даврон Йўлдошев тергов давомида йўл ҳаракати қоидаларини бузганини тан олган. Ҳаттоки, ЙПХ инспекторининг формада ўша куни ишга шошиб кетаётганини тергов давомида унинг бошлиғи — Муҳиддин Улашов ҳам тасдиқлаган.
Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 4-батальон 5-сафарбарлик гуруҳи командири Муҳиддин Улашов Чиноз прокурори ёрдамчисининг саволига жавоб берар экан, 2025 йил 12 август куни эрталабки хизмат олди йўриқномада ўтказилган йўқламада Даврон Йўлдошев иштирок этмагани, телефон қилса жавоб бермагани, кўп ўтмай подполковник Ғ.Эгамбердиев уларга қўнғироқ қилиб, Чинозда ЙПХ инспектори иштирокида авария содир бўлди, дея айтганини сўзлаб берган.
Улашовнинг сўзларига кўра, ўша куни воқеа жойига О.Соипов билан бирга етиб борган ва ЙТҲ Тошкент вилояти ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрганилаётганини кўрган. У ва шериги Соипов Даврон Йўлдошевни излаб, Янгийўл шаҳар шифохонасига бориб, жабрланувчилар билан жанжал кўтарилмаслиги учун ходимини Чилонзор туманидаги 16-шифохонага олиб кетган.
Чиноздаги ушбу ҳолат энди судда муҳокама қилинади. Чиноз туман прокуратураси ҳужжатларни судга оширди. Марҳум ҳайдовчининг яқинлари адолат тикланишига умид билдирмоқда.
Бундан олдин, 2025 йил 12 октябрь куни Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов ушбу ҳолатни ўрганган “Дарё” журналистининг саволига жавоб берар экан, ходим ЙТҲ содир этишдан аввал ишдан бўшатилганини таъкидлаганди.
Ҳайдовчи собиқ ходим бўлган. Ҳозирда (воқеа юзасидан) Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деганди Ғиёсов.
Ҳолбуки, ЙТҲ содир бўлган вақтда Даврон Йўлдошев ЙПХ инспектори формасида иш жойидаги йўқламага шошаётган бўлган. Буни юқоридаги тергов ҳужжати ҳам тасдиқлаб турибди. Вазирликнинг расмий вакили эса ОАВга ёлғон ахборот тақдим этган бўлиб чиқмоқда.
Бу ИИВ қонун бузган ходимларини олдинроқ ишдан бўшатилганини қайд этган қилган илк ҳолат эмас. Қайсидир тизим ходими тизим обрўйига доғ туширадиган ҳаракатлар содир этганда, ходимни эски сана билан тизимдан бўшатиш одати йўқ эмас. Гўёки, бу билан тизим обрўйига путур етказишнинг “олди олинади”.
Мисол учун, 2025 йил 9 ноябрь куни Андижон вилоятида профилактика инспектори маст ҳолатда автомобиль бошқариб, қарама-қарши йўналишда келаётган скутер ҳайдовчиси уриб юборган, жабрланувчи шифохонага ётқизилган. Расмий хабарда, инспектор воқеадан икки кун олдин, яъни 7 ноябрь куни ишдан бўшатилгани айтилганди. Эътиборли жиҳати профилактика инспектори ишдан бўшаганига икки кун бўлган бўлса-да, ЙТҲ содир қилган вақтда хизмат формасида бўлган.
2021 йилда бундан ҳам қизиқ ҳолат содир бўлган. Тошкент шаҳар ИИББ ходими 17 июль куни автомобилда бошқарувни йўқотиши оқибатида йўл четидаги фуқарони уриб юборган. Ходим ўша куниёқ, воқеадан бир неча соат олдин ишдан бўшатилган. Бунга эса ички ишлар ходими сифатида терговга жалб этилса, жиноят ишини прокуратура юритиши, органда ишламайдиган фуқаро сифатида жалб этилса, жиноят ишини ИИББнинг ўзи олиб бориши сабаб бўлган деган фаразлар янграганди. Якунда ходим оддий фуқаро сифатида жиноят ишига жалб этилган.
“Дарё” воқеалар ривожини кузатишда давом этади.


Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун, аввал