Қирғизистондаги мактабларда энергияни тежаш режими жорий этилди. Бу ҳақда мамлакат Таълим вазирлиги хабар берди.
“Ўқув жараёни тугагандан сўнг (барча дарслар тугагандан кейин) 60 дақиқадан кечиктирмасдан, синф хоналарини тозалаш вақтини ҳисобга олган ҳолда электр таъминоти ўчирилиши керак”, дейилади хабарда.
Қарор Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 5 ноябрдаги “Электр энергияси тақчиллигини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 949-сон қарорига мувофиқ қабул қилинган.
Чекловлар биноларнинг ишлаши ва сақланишини таъминлайдиган муҳандислик тизимлари ва ускуналарига татбиқ этилмайди. Янги чоралар ўқувчилар яшайдиган ётоқхоналар ва бошқа объектларга таъсир қилмайди.
Вазирликнинг таъкидлашича, ўқув соатларини қисқартириш ёки дарс жадвалини ўзгартириш режалаштирилмаган, ўқув жараёни одатдагидек давом этади.
Энергетикларнинг маълум қилишича, Қирғизистонда куз-қиш мавсумида электр энергияси тақчиллиги кузатилмоқда, бунга республикадаги энг йирик Тўхтагул ГЭСни таъминловчи сув омборидаги сув сатҳининг пастлиги ҳам сабаб бўлмоқда.
Республика Энергетика вазирлиги тақчилликни бир қатор қўшни давлатлардан, жумладан, Россиядан электр энергияси импорти орқали қоплаш ниятида.
2,5 йилдан кейин Қирғизистон электр энергия импортини тўхтатади
Октябрь ойида Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2,5 йилдан кейин мамлакат қишда ўзини электр энергияси билан тўлиқ таъминлай олишини айтганди. Қирғизистон 2024-йилда 3,6 миллиард кВт/соат электр энергиясини импорт қилди. Мамлакат Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистондан электр энергияси сотиб олади.








