Россиянинг Москва шаҳридаги метрода 64 ёшли аёл 13 ёшли қизчани рельсга итариб юборди. Бу ҳақда Тергов қўмитаси бошқармаси хабар берди.

Ҳодиса 9 ноябрь куни “Таганская” станцияси платформасида содир бўлган. 1961 йилда туғилган аёл “тўсатдан юзага келган шахсий адоват сабаб” ўсмир қизчани темир йўл рельсига итарган.

Қизча метрода ота-онаси билан бирга бўлган, улар фарзандини платформага қайта чиқариб олишга улгурган. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, воқеа “поезд станцияга кириб келишидан сал аввал, контакт рельси ёқилган пайтда” содир бўлган.


Маълум қилинишича, қизча жароҳат олмаган ва ҳозир қариндошлари назоратида. Ҳибсга олинган аёлга қотилликка суиқасд (Россия Жиноят кодекси 105-моддаси 1-қисми, 30-моддаси 3-қисми) бўйича айблов қўйилган. Тергов органлари уни қамоққа олишни сўрамоқда.

Аёл Москвага Краснодар шаҳридан келгани аниқланган. У ўз ҳаракатини “қизча баланд овозда кулгани ва унга қараб тургани” билан изоҳлади. 112 Telegram канали маълумотига кўра, нафақадаги аёл қизчага баланд овозда гапиргани учун танбеҳ берган, бироқ у бунга жавоб қайтармаган.

Россияда июль ойида ҳам аёл жанжал вақтида ўзининг маст танишини “Кунцевская” метро бекатида рельсга итарган эди. Полиция тезда аралашиб, эркакни платформага тортиб чиқарган, у оғир тан жароҳати олмаган.

Ўша эркакка транспортда хавф туғдирувчи хатти-ҳаракатлар (Маъмурий кодекс 11.15.1-модда 3-қисми) ва оммавий жойда маст ҳолда бўлиш (20.21-модда) бўйича баённома тузилган. Аёлнинг ўзига эса майда безорилик (20.1-модда) бўйича протокол расмийлаштирилган.