Иссиқкўлда умумий майдони 4 минг гектардан ортиқ янги Асман шаҳри қурилиши бошланди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
Янги шаҳар лойиҳаси Қирғизистон тарихидаги энг йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади. Қурилиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади ва лойиҳани хусусий қурилиш компаниялари бажаради. Инвестициялар бўйича миллий агентлик раҳбари Равшан Собировга кўра, бир фирмага 100 гектар, иккинчисига эса 80 гектар ер ажратилган.
“Биз барча қурилиш компанияларини шаҳарни барпо этишда иштирок этишга таклиф қиламиз. Шартлар ҳамма учун бир хил. Ўз лойиҳалари ва инновацион ғояларини амалга оширмоқчи бўлганлар Асман дирекциясига мурожаат қилиши мумкин”, деди у.
Дастлаб, маҳаллий компанияга қурилиш учун 100 гектар, лойиҳанинг бош ҳамкори этиб тайинланган Хитой компаниясига эса 50 гектар ер ажратилгани ҳақида хабар берилганди.
Асман ривожланган инфратузилма, турар жой мавзелари, дам олиш масканлари ва инновацион бошқарув технологияларига эга замонавий шаҳар сифатида лойиҳалаштирилган. 2023 йилда президент Садир Жапаров 500–700 минг аҳолига мўлжалланган экологик тоза шаҳар қурилишига капсула қўйган эди.
Бироқ халқаро ҳамкорлар “яшил шаҳар”ни қуриш концепциясига ўзгартиришлар киритишни таклиф қилган. Шундан сўнг лойиҳанинг амалга оширилиши тўхтатилди. Натижада вазирлар маҳкамаси инвесторлар билан келишувни бекор қилганди.








