Сўнгги пайтларда айрим тижорат банклари кредит шартномаларига истеъмолчилар ҳуқуқларини чекловчи бандлар киритаётгани аниқланди. Марказий банк бу ҳолатни қонунбузарлик деб баҳолаб, барча банкларни қатъий огоҳлантирди.
Регуляторга кўра, баъзи банклар кредит тўлов жадвалидаги сана, муддат ёки миқдор ўзгарганда, мижозга ўз вақтида хабар бермаяпти. Улар янгиланган тўлов жадвалини фақат мижоз сўрагандагина тақдим этмоқда. Марказий банкнинг таъкидлашича, бундай маълумотлар зудлик билан мижозга етказилиши шарт.
Кредитни қайтариш жадваллари — кредит шартномасининг ажралмас қисми бўлиб, унда кредит қолдиғи, асосий қарз ва фоиз тўловлари ҳамда уларнинг амалга оширилиш саналари кўрсатилади. Жадвалдаги ҳар қандай ўзгариш кредит шартлари ўзгаришига тенг, дейилади огоҳлантиришда.
Регулятор агар мижоз янгиланган жадвалдан бехабар қолса, тўловни кечиктириб юбориши, натижада жарима, ортиқча фоизлар ёки кредит тарихининг ёмонлашуви каби оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигини билдирган.
Шундан келиб чиқиб, банклардан кредит шартномаларига бундай шартлар киритиш амалиётини тўхтатиш талаб қилинган. Регулятор илгари тузилган шартномаларга ҳам ўзгартириш киритилиб, бундай ноқонуний бандлар бекор қилиниши лозимлигини эслатган.
Кредитни қайтариш жадвалида ҳар қандай ўзгариш бўлган тақдирда банк қарздорга янгиланган жадвални дарҳол тақдим этиши кераклиги қайд этилган.








