Ўзбекистонда 2025 йил 2 сентябрдан бошлаб Аи-80 бензинини ишлаб чиқариш ва биржада сотиш тўхтатилди. Бугун, 11 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида бунинг нархларга таъсири ҳақида сўралди.
Марказий банк раиси Тимур Ишметов “Дарё” мухбири саволига жавобан, Аи-80 бензинидан воз кечилиши инфляцияни оширувчи омил эканини айтди.
“Аи-80 бензинини ишлаб чиқаришни тўхтатиш масаласи бир неча йилдан бери чўзилаётганди. Қачондир шундай бўлиши керак эди. Албатта, ишлаб чиқариш тўхтатилишининг инфляцияга таъсир бор. Ҳозирги инфляция статистикасига, яъни нархларни оширувчи асосий омиллар қаторида бензин ёқилғиси ҳам бор. Бу ўрта муддатда хатар келтирувчи йўналишлардан ҳисобланади. Айниқса, нархлар ошиши масаласи кўпроқ инфляцион кутилмаларда ҳам сақланиб қоляпти”, деди Марказий банк раҳбари.
Тимур Ишметов жорий йил якунида кутилаётган инфляция бўйича прогноз янгиланганини ҳам маълум қилди. Қайд этилишича, 2025 йил охирига келиб йиллик инфляция даражаси 8,7 фоиз бўлиши кутилмоқда. Январь ойида бу кўрсаткич 7−8 фоиз, биринчи чорак якунида эса 8 фоиз бўлиши прогноз қилинганди. Бироқ ҳозирги кутилмалар аввалгиларидан ёмонлашган.








