Daryo

Уларнинг мияси бошқача ишлайди: миллионлаб кишиларнинг севимлисига айланган 6 машҳур шахс

“Панжара ортида” сериалида бош қаҳрамон ролини ўйнаган Вентворт Миллер 49 ёшида аутизм ташхисини олган

3 дақиқа ўқиш8 391 кўришлар0 изоҳ0

Нейрофарқлилик — бу инсон мияси бошқаларникидан фарқли ишлашини ифодаловчи атама. Бунга аутизм, диққат етишмовчилиги ва гиперфаоллик синдроми, биполяр бузилиш каби ҳолатлар киради. Аввал бу каби ҳолатлар оғир касаллик деб ҳисобланган. Ҳозирги кунда мутахассислар уларни касаллик деб эмас, балки инсон хусусияти деб баҳоламоқда. Қуйида келтирилган машҳур инсонлар ўзининг нейрофарқлилиги билан муваффақиятга эришган.

Фото: Legion.media.ru

Белла Ремси

Фото: Legion.media.ru

Британиялик актриса Белла Ремси ўзида аутизм борлигини “Охиримиздан бири” сериалининг биринчи мавсуми суратга олинаётганда билиб қолган. Суратга олиш гуруҳи аъзоларидан бири унга муайян белгилар борлигини айтиб, шифокорга мурожаат қилишни тавсия этган.

Белла бу ташхисни енгиллик билан қабул қилган, чунки у болалигидан ўзини бошқалардан фарқли деб ҳисоблаган. Бу ташхис унга ўзини яхшироқ тушунишга ёрдам берган. Унинг сўзларига кўра, аутизм актёрлик маҳоратига ҳам ижобий таъсир кўрсатган.

Белла “Тахтлар ўйини” сериалида Лиана Мормонт ролини ижро этиб машҳур бўлган. Кейин “The Last of Us” сериалида бош қаҳрамон Эллиэ ролини ўйнаган. Бу рол унга “Эмми” ва “Олтин глобус” мукофотларига номзодлик олиб келган.

Ден Эйкройд

Фото: Legion.media.ru

Машҳур актёр, мусиқачи, ссенарист ва продюсер Ден Эйкройд интервьюларидан бирида болалигида унда туретт синдроми ташхиси қўйилганини тан олган. Ден бу сабабли одамлар орасида юришга қийналган, аммо даволаниш орқали бу белгилар йўқолган.

Кейинчалик у ўзини кузатиб, унда аспергер синдроми (ҳозирда бу юқори функсионал аутизм деб аталади) борлигига ишонч ҳосил қилган. У ғайритабиий нарсаларга қизиққани туфайли “Арвоҳ овчилари” фильмини яратган ва бош ролни ўзи ижро этган.

Сет Роген

Фото: Legion.media.ru

2021 йилда канадалик актёр ва ссенарист Сет Роген америкалик сенатор Тед Круз ўртасида низо чиқди. Ўз хабарларидан бирида у ўзида туретт синдромининг енгил шакли борлигини айтиб ўтди. Унга кўра, бу ташхис фақат унда эмас, балки оиласининг бошқа аъзоларида ҳам мавжуд. Сетнинг айтишича, у вақти-вақти билан танадаги ихтиёрсиз қалтирашлар ёки тортишишларни бошдан кечиради. Бироқ, бу ҳолат унга Голливудда муваффақиятли карьера қуришга умуман халал бермаган.

Сет Рогенни “СуперПерцлар”, “This Is the End”, “Интервью”, “Стив Жобс” каби фильмларда кўриш мумкин. У узоқ йиллик дўсти ва ҳаммуаллифи Эван Голдберг билан бирга “The Boys” франшизасини яратишда иштирок этган. Ҳозир эса улар Голливуд ҳаёти ва кинематография ҳақида “Кино студияси” номли сатирик лойиҳани чиқарди — бу ерда Сет Роген бош ролни ҳам ўйнаган.

Энтони Хопкинс

Фото: Legion.media.ru

Икки карра “Оскар” совриндори Энтони Хопкинсда аутизм спектрига кирувчи бир нечта аломатлар бор. У болалигида дислексия (ўқиш ва ёзишни ўзлаштиришда қийинлаштириш) билан қийналган, бу эса мактабда муаммоларга сабаб бўлган. Натижада у мактабни ташлаб, санъат билан шуғулланишга қарор қилган.

Хопкинс доимо ёлғизликни афзал кўрган, катта гуруҳлардан четда юради ва ролларига чуқур кириб ишлайди. У актёрликдан ташқари мусиқа ва рассомчилик билан ҳам шуғулланади.

Кетрин Зета-Жонс

Фото: Legion.media.ru

Кетрин Зета-Жонсда 2011 йилда биполяр бузилишнинг II тури аниқланган. Бу касалликда одам депрессияга тушиб, кейин эса фаол, уйқусиз ҳолатга ўтади.

Ўша йилларда эри Майкл Дуглас томоқ саратонига чалинган эди. Унга ёрдам бериш пайтида Кетрин ўзининг руҳий ҳолати ёмонлашганини сезмай қолган. 2013 йилда эр-хотин ажрашмоқчи ҳам бўлишган, лекин охир-оқибат муаммоларни енгиб, оила сақланиб қолган.

Кетрин бу ҳолатни яширмаган, у интервьюларида бу ҳақида очиқ гапириб келади. Унинг фикрича, муаммолар ҳақида гапиришдан қўрқмаслик керак — энг ёмони бу ёрдам ололмасликдир.

Вентворт Миллер

Фото: Legion.media.ru

Одатда аутизм болаликда аниқланади. Аммо актёр Вентворт Миллерда бу ташхис 49 ёшида қўйилган. У “Панжара ортида”, “Флеш” ва “Эртанги кун афсоналари” сериалларида рол ўйнаган.

Ёшлик йилларида у депрессия ва ўз жонига қасд қилиш истаги билан курашган. Бу руҳий ҳолат уни одамлар билан мулоқотда қийнаган ва соғлиғига ҳам таъсир қилган. Катта бўлганида у ўзида аутизм белгиларини пайқаган. Шифокорлар ҳам бу ташхисни тасдиқлашган.

Вентворт бошида бу хабарни қабул қилиш қийин бўлганини айтади. Бироқ у аутизм ўз ҳаётининг бир қисмига айланганини тан олган.

Jizzaxdanman. O‘zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti teleradio jurnalistikasi yo‘nalishini bitirganman. “Daryo”da 2025-yildan beri muxbir lavozimida ishlayman va turli xil yo‘nalishda reportajlar, intervyular tayyorlayman hamda ularni saytga xabar qilib beraman. Har yili “Fantomas” filmini takror ko‘raman. “Mehrobdan chayon” (Abdulla Qodiriy publitsistikasi) ni sevib mutolaa qilaman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар