Telegram платформаси айрим фойдаланувчиларнинг Premium обунаси, юлдузлар ва совғаларини бекор қилиши мумкин, деб хабар бермоқда Telegram Infо. Бундай чора фойдаланувчиларнинг пуллик обуна ёки совғаларни сотиб олиб, кейин пулни қайтариб олган ҳолатида қўлланади.
Ижтимоий тармоқнинг баъзи фойдаланувчилари ўзларига ва яқинларига Premium обуналарни бепул олиш учун турли ҳийла-найрангларни ўйлаб топишган. Дастлаб улар обуна, ички валюта ёки виртуал совғаларни банк, расмий бот ёки App Store орқали сотиб олишади, сўнг эса пулни банк ва иловалар дўконидан қайтариб олишади. Пуллар қайтарилса-да, пуллик обуна ва харидлар уларда қолиб кетади.
Эндиликда бундай схема ўтмайди. Telegram платформаси қайси фойдаланувчининг пули қайтарилганини кўриш имкониятига эга бўлди. Шу сабабли барча амалга оширилган ноқонуний харидлар бекор қилинади. Бу ҳақда Telegram’нинг техник қўллаб-қувватлаш канали фойдаланувчига хабар юборади.
Агар фойдаланувчи юлдузларни сотиб олиб, кейин уларни сарфлаб юборган бўлса, Telegram ўша профилнинг балансини “қарздор” статусига ўзгартиради. Кейинги харидларни фақатгина қарз тўланганидан кейин амалга ошириш мумкин бўлади.
Giftstat аналитикларининг маълумотларига кўра, бундай чоралар аллақачон йўлга қўйилган. Бугунги кунга келиб 3000 дан ортиқ Telegram фойдаланувчиларининг обунаси бекор қилинган. Қайтариб олинган совғаларнинг умумий суммаси 3 миллион рубль (35 минг доллар)дан ошади.








