Daryo

Бевақт сўнган юлдузлар: ҳаётдан эрта кўз юмган Болливуд актрисалари

Дивя Бҳарати 19 ёшида ўз квартирасининг деразасидан номаълум сабабларга кўра қулаб тушиб, вафот этган

4 дақиқа ўқиш107 168 кўришлар0 изоҳ0

Болливуд — порлоқ юлдузлар, ҳаяжонли фильмлар ва ажойиб ижролар дунёси. Аммо айрим истеъдодли актрисалар шон-шуҳрат чўққисига чиққан пайтида ҳаётдан кўз юмган, баъзилари эса тақдирнинг оғир зарбаларига дош беролмай орамизни тарк этган. Уларнинг қисқа умр йўли, унутилмас роллари ва сирли вафоти ҳанузгача кўпчиликни ҳайратга солиб келади. Ушбу мақолада Болливуд кино саноатининг энг ёрқин, аммо бевақт ҳаётдан кўз юмган актрисалари ҳақида ҳикоя қиламиз.

Дивя Бҳарати — 19 ёш

Фото: India TV News

1993 йил 5 апрелда Болливуд ўзининг энг истиқболли актрисаларидан бирини — 19 ёшли Дивя Бҳаратини йўқотди. У кино саноатининг навбатдаги суперюлдузи сифатида эътироф этилган бўлиб, жуда қисқа фаолияти давомида бир қатор муваффақиятли фильмларда рол ўйнашга улгурган эди. Унинг энг машҳур фильмлари орасида “Роса ва олов”, “Телба севги”, “Уч ғазабга тўлган эркак 2” каби картиналар бор эди.

Фото: India TV News

Атиги 18 ёшида Дивя таниқли продюсер Сажид Надиадвалага турмушга чиқди. Аммо бу бахт узоққа чўзилмади: актриса ўз квартирасининг деразасидан номаълум сабабларга кўра қулаб тушди ва вафот этди. Унинг вафотидан кейин кўплаб миш-мишлар пайдо бўлди: айримлар буни тасодифий бахтсиз ҳодиса деса, бошқалар буни жиноят ёки ҳатто ўз жонига қасд қилиш эҳтимоли билан боғлайди. Лекин ҳалигача бу сир очилмаган ва актрисанинг ўлими Ҳиндистон киносининг энг жумбоқли фожиаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Фото: India TV News

Бугунги кунда ҳам Дивя Bharatининг номи Болливуд тарихида унутилмас номлардан бири сифатида тилга олинади. У яратган образлар, ижро этган роллари ва ёрқин қиёфаси ҳанузгача мухлислар ёдидан ўчмаган.

Смита Патил — 31 ёш

Фото: Bollywoodtime.ru

Смита Патил Болливуднинг энг севимли актрисаларидан бири эди. У ўзининг истеъдоди ва санъатга бўлган чексиз муҳаббати билан танилган бўлиб, миллий мукофот совриндори, томошабинлар ва танқидчиларнинг ардоғидаги актриса сифатида эътироф этилган. Бироқ унинг шахсий ҳаёти доимо баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.

Смита турмуш ўртоғи бўлган актёр Раж Баббар билан учрашгач, уларнинг муносабатлари жамоатчилик эътиборини тортди. Раж Баббар аллақачон турмуш қурган бўлса-да, Смита унга иккинчи рафиқа бўлиб турмушга чиқди ва бу қарор жамиятда катта шов-шувга сабаб бўлди, сўнг жуфтлик фарзандли бўлишди. Оилада Пратик Баббар туғилди. Аммо бундай бахт узоққа чўзилмади: Смита Патил фарзанди дунёга келганидан атиги икки ҳафта ўтиб, туғруқдан кейинги асоратлар сабаб вафот этди. Ўшанда актриса атиги 31 ёш эди.

Фото: Bollywoodtime.ru

Смита Патил Болливуднинг тижорий фильмларидан кўра чуқур мазмунли ва ижтимоий мавзуларга асосланган фильмларида кўпроқ рол ўйнаган. У ҳинд жамиятидаги аёллар мавқеини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқлари ва муаммоларини ёритишга ҳаракат қилган. Шунингдек, Смита Патил фақатгина актриса эмас, балки фаол аёл ҳуқуқлари ҳимоячиси ҳам бўлган. У интервьюларида кўп маротаба Ҳиндистон аёлларининг ҳаёти, гендер тенглиги ва ижтимоий адолатсизлик мавзуларида ўз фикрларини билдиришдан тортинмаган.

Гита Бали — 35 ёш

Фото: Bollywoodtime.ru

Гита Бали ҳам Ҳиндистоннинг ёрқин кино юлдузларидан бири бўлиб, ҳаётдан жуда эрта кўз юмган. У нафақат муваффақиятли актриса, балки садоқатли рафиқа ва меҳрибон она сифатида ҳам танилган. Унинг турмуш ўртоғи машҳур актёр Шамми Капур эди.

Актрисанинг ҳаёти кутилмаганда 1965 йилда чечак касаллиги сабабли якун топди. Атиги 35 ёшида оламдан ўтган Гита Бали Болливуд саҳнасида ёрқин из қолдириб, ўзининг истеъдоди ва гўзаллиги билан мухлислар қалбидан чуқур жой олган эди.

Фото: Bollywoodtime.ru

Гита Бали ўзининг шўхлиги, табиий жозибаси ва актёрлик маҳорати билан томошабинларни ром этган актриса эди. 1950 йилларда у Ҳиндистон киносида ўз ўрнига эга бўлиб, ўша даврнинг етакчи актрисаларидан бири сифатида ном қозонган.

Мадҳубала — 36 ёш

Фото: Siasat.com

Мадҳубала 1933 йил 14 февралда дунёга келган. Туғилган пайтидаёқ шифокорлар унинг юрак туғма нуқсони борлигини ва узоқ яшай олмаслигини айтишган. Бироқ у тақдир синовларига қарамай, ўсиб улғайди ва Ҳиндистон кино тарихидаги энг гўзал ҳамда иқтидорли актрисалардан бирига айланди. Мадҳубала 1969 йил 23 февралда, бор-йўғи 36 ёшида ҳаётдан кўз юмди. У қисқа умрида ўзидан буюк мерос қолдирди, айниқса, “Буюк Мўғул” фильмидаги Анаркали роли унинг номини абадий машҳур қилди.

Фото: Siasat.com

Актрисанинг шахсий ҳаёти ҳам кўпчиликнинг эътиборида бўлган. Мадҳубала ва Дилип Кумар ўртасидаги севги ҳикояси Болливуд тарихидаги энг машҳур муҳаббат қиссаларидан бири ҳисобланади. Аммо тақдир уларни бирлаштирмади ва Мадҳубала кейинчалик Кишор Кумар билан турмуш қурди. Бироқ соғлиғидаги муаммолар туфайли охирги йилларини тўшакка михланиб ўтказди. Юрак хасталиги сабаб у кинодан узоқлашишга мажбур бўлди. 1969 йилда, 36 ёшида, Ҳиндистон киносининг Мона Лизаси деб номланган бу гўзал актриса оламдан ўтди.

Фото: Siasat.com

Soliyeva Sevaraxon Akram qizi. 1996-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2018-yilda O‘zbekiston davlat jahon tillari universitetining Tarjima nazariyasi va amaliyoti yo‘nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар

Болливуд, Толливуд, Колливуд: ҳинд киноси алоҳида дунё эканини исботлайдиган қизиқарли фактлар

Болливуд, Толливуд, Колливуд: ҳинд киноси алоҳида дунё эканини исботлайдиган қизиқарли фактлар

30-Октабр 2025, 11:11

Мукофотлар бўйича рекорд ўрнатган, Болливуднинг энг бой актрисаларидан бири ва Раж Капурнинг невара келини Алия Бҳатт 32 ёшда

Мукофотлар бўйича рекорд ўрнатган, Болливуднинг энг бой актрисаларидан бири ва Раж Капурнинг невара келини Алия Бҳатт 32 ёшда

18-Март 2025, 19:40

Ҳинд киносининг энг пазанда актрисалари (фото)

Ҳинд киносининг энг пазанда актрисалари (фото)

19-Декабр 2024, 21:53

“Оддий танга тақдирини бир умрга ўзгартириб юборди”. Ҳинд гўзали Прити Зинта нима учун кинони машҳурликнинг чўққисида тарк этган?

“Оддий танга тақдирини бир умрга ўзгартириб юборди”. Ҳинд гўзали Прити Зинта нима учун кинони машҳурликнинг чўққисида тарк этган?

28-Апрел, 21:18

Шоҳрух Хон, Салмон Хон, Айшвария Рай ва Сонам Капур: Болливуд юлдузлари ўртасидаги энг шов-шувли можаролар

Шоҳрух Хон, Салмон Хон, Айшвария Рай ва Сонам Капур: Болливуд юлдузлари ўртасидаги энг шов-шувли можаролар

4-Апрел, 14:55

“У аввалдан аълочи бўлган”: “Дунё гўзали” Айшвария Рай бу унвонни танловда ғолиб чиқишидан анча аввал олган

“У аввалдан аълочи бўлган”: “Дунё гўзали” Айшвария Рай бу унвонни танловда ғолиб чиқишидан анча аввал олган

2-Апрел, 09:40

Болливуднинг эрта сўнган юлдузлари (фото)

Болливуднинг эрта сўнган юлдузлари (фото)

24-Март, 09:55

Гонорари салкам 1 млн доллар: Болливуднинг “энг қиммат” актрисаси, Раж Капурнинг келини Алия Бҳатт 33 ёшда

Гонорари салкам 1 млн доллар: Болливуднинг “энг қиммат” актрисаси, Раж Капурнинг келини Алия Бҳатт 33 ёшда

16-Март, 16:31