Daryo

ЖСТ йўлида: Ўзбекистонни олдинда қандай муаммолар кутади?

Ўзбекистон 2026 йилгача Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик марраси томон одимлар экан, дунёдаги геосиёсат Россия-Украина, Исроил-Ғазо можаролари ҳамда Дональд Трампнинг Оқ уйга келиши фонида бошқа йўналишга оғиб бораётгандек туюлмоқда. Ушбу мақолада иқтисодчи, Central Asian University (CAU) профессори Валижон Тўрақулов Ўзбекистон ЖСТ аъзолиги йўлида айни пайтда қайси поғонада кетаётгани ҳамда ЖСТнинг келажакдаги тақдири ҳақида сўзлаб беради

7 дақиқа ўқиш29 097 кўришлар0 изоҳ0

Ўзбекистон 2026 йилгача Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзолик марраси томон одимлар экан, дунёдаги геосиёсат Россия-Украина, Исроил-Ғазо можаролари ҳамда Дональд Трампнинг Оқ уйга келиши фонида бошқа йўналишга оғиб бораётгандек туюлмоқда. Ушбу мақолада иқтисодчи, Central Asian University (CAU) профессори Валижон Тўрақулов Ўзбекистон ЖСТ аъзолиги йўлида айни пайтда қайси поғонада кетаётгани ҳамда ЖСТнинг келажакдаги тақдири ҳақида сўзлаб беради.

30 йилга чўзилган жараён

Ўзбекистон ЖСТга аъзолик аризасини ҳали ташкилот ташкил этилмасидан, яъни 1994 йилдаёқ топширган энг биринчи давлатлардан бири ҳисобланиши, балки, аксарият ўқувчиларимиз учун янгилик бўлиши мумкин. 1995 йилда ташкил топган ЖСТ ундан олдин GАТТ (ингл. General Agreement on Tariffs and Trade – Тарифлар ва савдо бўйича Бош келишув) номли халқаро шартнома асосидаги фаолият юритган ва Ўзбекистон айнан шу ташкилотга аъзоликка ариза берган.)

Афсуски, давлатимиз аъзолик жараёнини 30 йилга чўзиш орқали ҳам рекорд ўрнатган мамлакатлардан биридир. Ваҳоланки, қўшни давлатлар (Туркманистон бундан мустасно), ҳатто Афғонистон ҳам аллақачон ЖСТга аъзо бўлиб улгурган.

Ўзбекистонга қўшни давлатларнинг ЖСТга аъзо бўлиш тарихи
Фотоколлаж: “Дарё”

Биламизки, Ўзбекистон денгизга чиқиш учун камида икки давлатни кесиб ўтиши керак бўлган (double-land locked) дунёдаги икки давлатдан бири ҳисобланади (иккинчи Лихтенштейн). Бу эса нафақат маҳаллий экспортчи фирмалар учун савдо логистикаси харажатларини оширади, балки хорижий инвесторларни ҳам ўйлашга мажбур қилади (тадқиқотларга кўра қуруқлик логистикаси денгиз логистикасидан 5-6 баробар қиммат ҳисобланади).

Мана шу ноқулайликларга жавобан эркин савдо режими, яъни ЖСТга аъзолик – энг оқилона ечим. Яхшиямки, президент Мирзиёев ушбу талабларни англаган ҳолда ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини яна жонлантириш бўйича 2018 йилда ташаббус билан чиқди ҳамда ҳукумат 2026 йилга қадар аъзоликни тамомлаш бўйича қатъий қарор қабул қилди.

Оъзбекистоннинг ҳозирги ҳолати

Бугунги кунда Ўзбекистон ЖСТга аъзолиги сари жиддий ҳаракат қилмоқда. Буни Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиши бўйича ташкил қилинган ишчи гуруҳ раиси Сеонг Деок Юннинг эътирофидан ҳам билиб олсак бўлади:

“Бугун еттинчи учрашувимиздан бор-йўғи олти ой ўтгач, яна (саккизинчи учрашувга) тўпланиб турибмиз. Ишчи гуруҳ йиғилишлари орасидаги муддатнинг қисқариши, ишларимиз янада тезроқ суръатда илгарилаб бораётганидан дарак беради” деганди кореялик эксперт.

Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиши бўйича ташкил қилинган ишчи гуруҳ раиси Сеонг Деок Юн музокаралар жараёнини кузатмоқда
Фото: WTO

Шунингдек, 2024 йилнинг 5-6 декабрь кунлари Женевада ишчи гуруҳнинг 9-йиғилиши ўтказилиши ҳам аъзоликка бўлган интилишнинг фавқулодда жиддий эканини кўрсатмоқда.

“…Ишчи гуруҳнинг 7-йиғилишидан сўнг Ўзбекистон 33 та аъзо давлат билан икки томонлама музокаралар олиб бормоқда”.

ЖСТга аъзолик бўйича бош музокарачи этиб тайинланган Ўзбекистон президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Ўрунов ўтган ҳафтада икки томонлама музокаралар билан боғлиқ хушхабарни улашди:

“Йил якуни Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги бўйича жуда мазмунли бўлмоқда. Иккита энг йирик глобал савдо эгалари — Америка ва Хитой билан музокаралар якунланди. Жами 22 та давлат билан музокаралар якунланди ва оз сонли давлатлар қолди”.

ЖСТга аъзо бўлиш жараёни
Фото: WTO

1 декабрь куни Женевада Филиппин билан ҳам икки томонлама музокаралар якунланди ва томонлар ЖСТ бош директори ўринбосари Чжан Сянчен иштирокида тегишли протоколни имзолашди. Таъкидлаш жоизки, сўнгги икки ой ичида Ўзбекистон Филиппин, АҚШ, Хитой ва Салвадор билан ЖСТга қўшилиш бўйича келишувларга эришди.

Шу тариқа ҳозирга қадар 23 давлат билан музокаралар битирилди. Шундан АҚШ, Хитой, Туркия, Япония, Мўғулистон, Саудия Арабистони, Исроил, Бразилия, Шри-Ланка, Аргентина, Грузия, Доминикан Республикаси, Таиланд ва Филиппин билан келишувга эришилгани жамоатчиликка маълум қилинган (аммо шартлари очиқланмаган), қолган мамлакатлар билан кечган музокаралар оммага очиқланмаган.

Ўзбекистон Хитой билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларни якунлади
Фото: Азизбек Ўрунов

Шу билан бирга музокаралар давом этаётган қолган 10 давлат билан келишув жараёни қандай бораётгани, улар нималарни талаб қилаётгани хусусида ҳам на бир маълумот, на бир тасаввурга эгамиз. Лекин бир нарса аниқ: одатда икки томонлама музокаралар аъзоликка даъвогар давлатнинг энг катта савдо шериклари билан олиб борилади. Чунки савдо шеригининг ЖСТга аъзо бўлиши айнан шу давлатларга энг кўп таъсир қилади.

Масалан, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги борасида келишувга эришилган давлатлар ичида Хитой 20 фоиздан кўпроқ улуш билан энг катта савдо шеригимиз бўлса, Туркия тўртинчи ўриндаги савдо ҳамкоримиз ҳисобланади. Иккинчи ҳамда учинчи ўриндаги савдо шерикларимиз Россия ҳамда Қозоғистон билан музокаралар якунландими ёки йўқ, афсуски, бу борада маълумотга эга эмасмиз.

Кўп эҳтимол билан Россия Ўзбекистонни Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕИИ)га аъзо бўлишга ундаш фонида музокараларни кечиктириши мумкин (Бу ҳолат Қозоғистон билан ҳам кузатилган). Ундан ташқари, айни пайтда Кремль Украина можароси билан банд бўлиб, музокараларга “вақт топа олмаслиги” масаласи ҳам бор. Ғарб томонидан Россияга йўналтирилган санкциялар эса масалани янада чигаллаштиради.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу ўринда муҳтарам ўқувчида ЖСТ аъзолари сони 166 та бўлсаю, нима учун атиги 33 та давлат билан музокара олиб борилаётгани савол туғдириши табиий. Гап шундаки, икки томонлама музокаралар ҳар бир аъзо билан эмас, балки энг катта савдо шериклари ҳамда келажакда савдо қилиш эҳтимоллиги юқори бўлган давлатлар билан олиб борилади.

Улар билан келишувга эришилганидан сўнг кўп томонлама музокаралар (multilateral negotiations) бошланади. Қисқа қилиб айтганда, икки томонлама музокараларда давлатлар бир-бири билан хос масалаларни ҳал қилиб олишади. Кўп томонлама музокараларда эса умум масалалар кўриб чиқилади.

Халқаро геосиёсий омиллар ва ЖСТ тақдири

Жаҳон савдо тизими Дональд Трампнинг аввалги президентлиги даврида бошланган сиёсат туфайли жиддий қийинчиликларга дуч келди. Трампнинг ЖСТни танқид қилиши, жумладан, АҚШга қарши тарафкашликда айблаши ва унинг низоларни ҳал қилиш механизмларини молиялаштиришни камайтириши, шу билан бирга, ЖСТнинг суд тизимини менсимаслиги ташкилотнинг жаҳон ҳамжамияти олдида даражасини яхшигина пасайтирганди.

Трамп “кутилмаганда” АҚШ президентлигига қайта сайланиши ҳамда унинг кутилган протексионист сиёсати ЖСТ равнақига яна соя солиш арафасида турибди. Жаноб Трамп аллақачон ўз сиёсати ҳақида муждаларни оммага эълон қилиб бўлди. Трампнинг “Аmericа First” (Америка биринчи) сиёсати фонида жуда ҳам кўплаб халқаро институтлар, хусусан, ЖСТ иккинчи даражага тушиб қолиши аниқ.

Эҳтимолий АҚШ—Хитой савдо уруши: Ўзбекистон иқтисодиётига туғилиши мумкин бўлган хавфлар

Масалан, Дональд Трамп Америка бозорига кириб келаётган ҳар қандай турдаги товарларга 10 фоизлик бож жорий қилмоқчи. Бу эса тўғридан-тўғри ЖСТнинг тамойилларига қарши бўлиб, агар ЖСТ бу сиёсатга, яъни адолатсизликка қарши ҳеч нарса қила олмаса, унинг халқаро савдо тизимидаги обрўйи бир пул бўлади.

Шинжон АҚШ санкцияларини бартараф этиш учун Марказий Осиё билан яқинроқ алоқаларга интилмоқда — ОАВ

Натижада занжир эффекти содир бўлиб бошқа давлатлар ҳам ЖСТ қоидаларини менсимай бошлайди. Қарабсизки, қатъиятини йўқотган ЖСТдан Ўзбекистон ўзи кутган фойдани ололмайди. Ўзбекистон учун ЖСТнинг заифлашуви адолатли савдо амалиёти кафолатларининг камайиши ва йирик иқтисодиётга эга давлатлар билан низоларга қарши ҳимоянинг сусайишини англатади

Бу бир фараз бўлса-да, хавотирга арзигулик масала ҳисобланади. Сабаби айни шунга ўхшаш ҳолатлар – Россия халқаро институтлар қонун-қоидаларини, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху эса Халқаро жиноят суди ҳамда БМТ чиқарган резолюцияларни менсимаслиги халқаро ҳамжамиятда тартибсизликларни вужудга келтиради. Бу эса Ўзбекистон каби иқтисодий жиҳатдан кичик давлатларга нисбатан зўравонликнинг ошишига олиб боради.

АҚШ ва Хитой ўртасида савдо уруши бошланиш арафасида
Фото: Аsiа Times

Ортга йўл йўқ!

Тадқиқотларга кўра, денгиз ёки океанга чегарадош давлатлар қуруқлик билан ўралган давлатларга нисбатан иқтисодий жиҳатдан бир неча баробар тезроқ ўсади. Шундоқ ҳам қуруқлик билан ўралган Ўзбекистон учун ёпиқ иқтисодиёт сиёсати, у ҳар қанча маҳаллийлаштиришни қўллаб-қувватлаш, импорт ўрнини босувчи сиёсат каби зар қоғозлар билан ўралмасин, нотўғри бўлиб қолаверади.

Демак, энг тўғри йўл, аввало, жаҳон савдо тизимига интеграция қилиш: бунинг учун эса 98-99 фоиз савдо айланмасини қамраб олган ЖСТга аъзо бўлиш лозим ва ҳамиша шундай бўлиб қолаверади.

Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан. 2024 йил сентябрь
Фото: Саида Мирзиёева / Telegram

2026 йилгача аъзоликка жидду жаҳд қилаётган ҳукуматнинг ҳаракатлари мақтовга сазовор. Афсусларки, шунча йиллик танаффус ва уринишлардан сўнг энди аъзо бўламан деб турилганда, геосиёсий вазият халқаро институтлар, хусусан, ЖСТнинг аҳамиятини сусайтириш арафасига келиб қолди.

Ушбу ноаниқликларни юмшатиш ва ЖСТга аъзо бўлишнинг афзалликларидан тўлиқ фойдаланиш учун Ўзбекистон кўп қиррали стратегияни қўллаши лозим. Яъни савдо сиёсатимизни нафақат ЖСТга аъзолик билан, балки икки томонлама ҳамда минтақавий эркин савдо шартномаларини кўпайтириш билан самаралироқ қилиш ҳамда диверсификация этиш мақсадга мувофиқ.

Масалан, МДҲ давлатлари ўртасида аввалдан мавжуд бўлган, бироқ шунчаки қоғозда қолиб кетаётган эркин савдо шартномасини амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш лозим. Шунингдек, музокаралар маълум бир сабабли тўхтаб қолган Туркия ҳамда Корея Республикаси билан эркин савдо шартномалари ЖСТга аъзолик доирасида қайта старт бериш ҳозирги шароитда ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Энг муҳими эса 2005 йилда маълум бир геосиёсий аралашувлар сабабли тўхтаб қолган CACО (Central Asian Cooperation Organization) – Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилотини юқори интеграция амбицияси билан қайта жонлантирмоқ даркор.

Валижон Тўрақулов
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD),
CAU профессори

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар