Daryo

“Қўрғон сирлари”нинг янги қаҳрамони Тарик: Турк актёри Таро Эмир Текин ҳақида нималарни биламиз?

Режиссёрлар 26 ёшли актёрнинг кинодаги карьераси муваффақиятли бўлишини башорат қилмоқда, чунки у “Қўрғон сирлари” фильмидаги бош қаҳрамонни ўйнамаса-да, мухлислар армиясига эга бўлгани бежиз эмас

4 дақиқа ўқиш22 642 кўришлар0 изоҳ0

Кўпчилик турк актёри Таро Эмир Текин билан “Қўрғон сирлари” сериалининг иккинчи мавсумида танишди. Унда Таро Феритнинг амакиваччаси ва Холис оғанинг набираси Тарик ролини ўйнаган янги қаҳрамонга айланди.

   
Фото: Getty Images

Режиссёрлар 26 ёшли актёрнинг кинодаги карьераси муваффақиятли бўлишини башорат қилмоқда, чунки у “Қўрғон сирлари” фильмидаги бош қаҳрамонни ўйнамаса-да, мухлислар армиясига эга бўлгани бежиз эмас.

Биографияси

Таро Эмир Текин 1997 йил 15 июнда Истанбулда туғилган. Унинг онаси актриса Шеввал Сам, отаси эса “Бешиктош” жамоасида тўп сурадиган муваффақиятли футболчи Метин Текин муносиб меросхўр етиштириб, унга энг муҳим фазилатлардан бири — ўзгаларга муҳаббат, меҳнаткашлик ва бағрикенгликни мерос қилиб берган.

Фото: Getty Images

Текиннинг асл исми Тарик, лекин у исми актёрлик карьераси учун унчалик мос эмаслигини ҳис қилади, шунинг учун Тарога ўзгартиради (ота-онаси уни эркалаб шундай аташарди).

Мактабда ўқиётганида у дастлаб отаси каби футболчи бўлишни хоҳлайди, лекин кейинроқ машҳур актёр бўлишни истаётганини тушунади. Чунки у мактаб давриданоқ роллар ижро этар, катта шеърий парчаларни ёд оларди. Дарҳақиқат, Таронинг танлови ажабланарли эмас, чунки унинг онаси Шеввал турк киноюлдузи (у “Муҳташам юз йил” фильмида рол ўйнаган, у ҳатто Меҳримоҳ Султоннинг тўйида куйлаган ҳам), бувиси Леман Сам эса таниқли қўшиқчи ҳисобланади.

“Онам ҳам, дадам ҳам менга нисбатан доим тўғрисўз эди. Онам фикрини айтишни ва ҳатто мени танқид қилишни хоҳласа, у буни қилишдан қўрқмайди. Менга унинг ростгўйлиги ва самимийлиги ёқади. Биз ҳамма нарса ҳақида гаплаша оламиз. Бир-биримиз ҳақимизда қайғурамиз, ҳар доим маслаҳат билан бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз”.

Актёрнинг гап-сўзларидан оиласини қадрлаши аниқ. Бундан ташқари, у доимо ота-онаси совға қилган узук ва занжирларни тақиб юради, чунки бу нарсалар у учун ҳақиқий меросдир.

Текиннинг ота-онаси у атиги 3 ёшида ажрашганига қарамай, иккаласи ҳам Таронинг тарбиясида фаол иштирок этган. Ўсмирлик даврида бўлажак актёр Кембриж тасвирий ва ижро санъати мактабига ўқишга киради. У ерда рассомчилик тарихи, шунингдек, нафас ва товуш композицияси назариясини ўрганади. Кембрижда ўқиш унга осон бўлгани учун уни аъло баҳолар билан тугатади.

“15 ёшлигимда одатдаги тартибим ва имкониятларимдан ташқари бошқа мамлакатдаги ҳаёт менга чидамлиликни ўргатди. Ўйлайманки, бу ўзимга бўлган ишончимни ва дуч келган вазиятларни ҳал қилиш қобилиятини кучайтирди. 70 хил давлатдан келган одамлар таҳсил олган университет... Турли маданиятлар, турли ҳикоялар... Бу хилма-хиллик кўп жиҳатдан дунёқарашимни кенгайтирди”.
Фото: Getty Images

Таро таҳсилни давом эттириб, Лондон санъат университетига ўқишга киришга қарор қилади ва катта рақобатга қарамай, нуфузли университет талабаси бўлади — 100 кишидан атиги 17 нафари факультетга қабул қилинади. Айтганча, Таро Оксфорд драма мактабига қабул қилинган биринчи турк талаба бўлган.

“Актёрликни тугатдим, деган нарса йўқ. Шунинг учун ҳали кўп нарсаларни ўрганишим ва кашф қилишим керак. Ўзимга нисбатан бир оз раҳм-шафқатли бўлишим кераклигини биламан ва ўзимга жуда катта талаблар қўймасликка ҳаракат қиламан, акс ҳолда ақлдан озаман”, — дея тан олади актёр.
Фото: Getty Images

Фильмлар ва сериаллари

“Садоқатсиз”

Текин теле ва кино карьерасини ватани Туркияда қуришга қарор қилади. Шундай қилиб, 23 ёшида у “Садоқатсиз” драматик сериалида рол ўйнайди. Сюжетда ўзи орзу қилган ҳамма нарсага — идеал иш, шинам уй ва оилага эга бўлган Ася исмли бахтли аёл ҳақида ҳикоя қилинади.

Қаҳрамоннинг қариндошлари ва дўстлари учун унинг ҳаёти Ася эри Волканнинг кўйлагидан бошқа аёлнинг сочини топиб олмагунча ажойиб эди. Шундан сўнг у яна бир қанча “тасодифлар”га дуч келади.

Фото: Getty Images

“Садоқатсиз” фильмида Таро ёмон одамдан меҳрибон ва муваффақиятли йигитга айланган қаҳрамон Селчук ролини ўйнайди.

Айтганча, ушбу сериалда суратга тушгач, Таро ҳарбий хизматга кетади. Унинг сўзларига кўра, унга энг қийини 32 даража иссиқда ҳарбий кийим кийиш эди. У ҳатто бир нечта йигитлар билан дўстлашади, улар билан ҳали ҳам кўришиб туради.

Фото: Getty Images

“Усмонли империясининг юксалиши”

Ушбу тарихий драма Netflix стриминг платформасида “Садоқатсиз” фильмидан кейин чиқарилган.

Сюжет давлатнинг гуллаб-яшнаши учун катта куч сарфлаган Султон Меҳметга қаратилган. У Константинополни эгаллайди, бунинг натижасида ўз империясини янада кенгайтиради. Бу сериалда ҳам Таро Эмир Текин иккинчи даражали ролни ўйнаган.

 
Фото: Getty Images

“Пари эртаги”

Ушбу драматик сериал ўтган йилнинг сентябрь ойида премьераси бўлган. Сериалда яхшироқ ҳаётни хоҳлайдиган қиз ҳақида ҳикоя қилинади. Унинг исми Зейнеб. Бир куни қиз катта миқдорда пул бўлган сумка топиб олади, уни бутунлай ўзи учун сарфлайди ва ўзидан бошқа одам — юқори жамиятдаги муваффақиятли ва бой хонимни ясаб олади.

Бу драмада бош роллардан бирини Таро ҳам ижро этади. Унинг қаҳрамони — синглиси Неслихон билан оилавий бизнесни бошқарадиган муваффақиятли одам Онур Кексал. Мамлакатдаги барча қизлар Онурга мафтун, аммо у Зейнеб билан танишиб, уни севиб қолади.

Фото: Getty Images

Шахсий ҳаёти

Таро истеъдодли ва келишган актёр бўлишига қарамай, папарацсилар уни қизлар ҳамроҳлигида камдан кам кўришади. Шунинг учун унинг фақат иккита севги тарихи маълум.

Юлдузнинг биринчи жиддий севгиси унинг болаликдаги дўсти Лейла Танлар эди. Актёр у билан 2016 йилдан 2018 йилгача учрашган, аммо кейин номаълум сабабларга кўра муносабатларни тугатишга қарор қилган. Можаронинг асоси россиялик модел София Кац исмли қиз бўлган деган тахминлар бор. Таро Лейла билан ажрашганидан бир неча ой ўтгач, София билан муносабатларни бошлайди. Тўрт йиллик муносабатлардан сўнг, севишганлар ажралади ва Текин интервьюсида Кацни ҳали ҳам унута олмаслигини, у билан ажрашишга қийналаётганини айтади. Таро, шунингдек, бу муносабатлардан кейин энди қизларга ишонмаслигини таъкидлайди.

Фото: Getty Images

Toshkent viloyati Yangiyo‘l tumanida tug‘ilganman. Hozirda Alisher Navoiy nomidagi davlat Adabiyot muzeyida tayanch doktorantura (PhD)da o‘qiyman. “Daryo”da 2018-yildan beri musahhih va muxbir lavozimida ishlayman. Sevib o‘qiydigan kitoblarim juda ham ko‘p: Nodar Dumbadze “Abadiyat qonuni”, Harper Li “Mazaxchining o‘ldirilishi”, Gabriel Garsia Markes “Yolg‘izlikning yuz yili”, Chingiz Aytmatov “Kassandra tamg‘asi”, Mixail Bulgakov “Usta va Margarita”, O‘tkir Hoshimov “Ikki eshik orasi”, Ulug‘bek Hamdam “Sabo va Samandar”... Sevimli filmlarim ham turli janrda: DiKaprio ishtirokidagi “Ibtido” va “La’natlanganlar oroli”, “Shoushenkdan qochish”, “Yo‘-yo‘l pijamali bolakay”, “Ameli”, “Qotillikni xotirlab”. Bundan tashqari, Hayao Miyazakining animelari jon-u dilim.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар