Daryo

Турли мамлакатлардаги кишини ҳайратга соладиган одатлар (фото)

Хитойнинг Хуанглуо қишлоғида дунёдаги энг узун сочли аёллар яшайди, узунлиги тахминан 1,7 метрни ташкил қиладиган сочларини ушбу қишлоқ аёллари умрида бир марта — 18 ёшга тўлганидагина кесади

2 дақиқа ўқиш93 788 кўришлар0 изоҳ2
Foto: AdMe

Дунёда 3814 дан ортиқ маданият мавжуд бўлиб, улар ранг-баранг экани, турли урф-одатлари билан ўзига хос.

Пасха гулхани, Германия

Фото: AdMe

Пасхадан аввалги тунда Германиянинг турли ерларида улкан гулханлар ёқилади. Мазкур урф-одат билан немислар баҳорни кутиб олади. Баъзи ерлар, асосан Шимолий Рейн-Вестфалияда катта ёғочли ғилдираклар ёқилиб, қияликдан итариб юборилади. Бу ҳосилни мўл бўлишига ҳисса қўшишига ишонилади.

Чапиллатиб чайнаш, Япония

Фото: AdMe

Аксарият мамлакатларда чапиллатиб чайнаш беодоблик саналади. Японияда эса аксинча. Лапшани овоз чиқармасдан истеъмол қилиш япон урф-одатларига зид.

Ширинликлар ичига пул солиш, Боливия

Фото: AdMe

Боливияда одамлар Янги йилни кутиб олиш учун пирог ичига танга солиб пиширади. Кимнинг бўлагидан танга чиқса, келаси йил у учун омадли келишига ишонилади.

Тушган тишни томга отиш, Греция

Фото: AdMe

Грецияда боланинг тиши тушса, доимий тиши мустаҳкам ва соғлом бўлишини ният қилган ҳолда томга отилади.

Помидорлар жанги, Испания

Фото: AdMe

Испанияда одамлар бир-бирига помидор отиши билан ўтадиган Томатина фестивали бор. Келиб чиқиши 1945 йилга бориб тақаладиган фестиваль ҳар йили август ойининг сўнгги чоршанбасида бўлиб ўтади. Ушбу анъана парадга қўшилишни истаган, аммо одамлар туртиб юборган болалар билан боғлиқ. Тиқилинчда йиқилиб тушган болалар жаҳли чиқиб егуликларни одамларга қарата ота бошлаган. Аммо бугунги кунда байрам кўнгилсизликка айланмаслиги учун амал қилиниши керак бўлган баъзи қоидалар мавжуд. Бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, отишдан аввал помидорлар эзилган бўлиши керак.

Қишда музқаймоқ ейиш, Мўғулистон

Фото: AdMe

Мўғулистонда одамлар музқаймоқни қаҳратонда истеъмол қилади. Шаҳар кўчаларида музқаймоқлар картон қутиларда сотилади, ҳарорат 30 даража совуқ бўлгани учун музлаткичга ҳожат йўқ.

Ўз тақдирини танлаш, Жанубий Корея

Фото: AdMe

Корейслар фарзанд дунёга келадиган биринчи кунда унинг тақдири ҳал бўлишига ишонади. Толжанчхи деб аталадиган маросимда боланинг олдига китоб, пул ва шунга ўхшаш турли буюмлар қўйилади. Пулни танлаган бола бадавлат, китобни танлагани эса ақлли бўлишига ишонилади.

Стулдан сакраш, Дания

Фото: AdMe

Янги йил кечаси данияликлар стул устига туриб, илк сонияларда ундан сакрашга тайёрланади. Буни унутган одам учун йил омадсиз келишига ишонилади.

Ҳаёти давомида сочини бир марта кесиш, Хитой

Фото: AdMe
Хитойнинг Хуанглуо қишлоғида дунёдаги энг узун сочли аёллар яшайди. Одатда рўмол ўраб юрадиган аёллар фестиваль вақти сочларини ёяди, ювади ва тарайди. Узунлиги тахминан 1,7 метрни ташкил қиладиган сочларини ушбу қишлоқ аёллари умрида бир марта — 18 ёшга тўлганидагина кесади. Бу қизларнинг турмушга чиқишга тайёрлигини билдиради. Қишлоқ аҳолиси узун соч умрнинг узоқ бўлишига таъсир қилишига ишонади. Мавзуга доир:
Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар