Университетнинг ташкил топиши
1409 йилда Прагадаги Карл университетида гусчилар ҳаракати натижасида мингга яқин немис профессор ўқитувчилари ва талабалари Лейпцигга кўчиб ўтди ва факультет ташкил қилди. Шаҳар ҳокимияти университетга зудлик билан Питерштрасседан жой ажратди. Саксония курфюрсти Фридрих I Жангчи ва Вилгелм II Бой университетни таъминлаш учун йилига 500 гулден ажратди.
Лейпциг университетининг ташриф қоғози
Кейинги асрларда Лейпциг университети талабалари ва профессорлари миқдори ҳамда шаҳар аҳолиси сони ҳам кескин тарзда кўпайиб борди. XIX асрга келиб университет Германиядаги илмий тафаккурнинг маркази сифатида танилишга улгурди. Университет майдони кенгайди, талабалар сони ҳам ортди. Университетда янги ўқув бинолари пайдо бўлди ва машҳур Албертина кутубхонаси ҳам янги бинодан жой олди.ХХ асрнинг бошларига келиб аёллар ҳам университетда ўқиш имкониятини қўлга киритди. Натижада, университет талабалари сони 12 минг нафарга етди. Насистларнинг ҳокимият тепасига келиши натижасида университет талабалар сони бир минг беш юз нафарга тушиб кетди.
Иккинчи жаҳон урушида Лейпциг университетининг кўп бинолари яксон қилинганди. Шунга қарамасдан, 1946 йилда Лейпциг университети қайтадан очилди. 1953 йилда Лейпциг университети Карл Маркс номидаги университетга айланди. Лейпциг университетида шу даврдан бошлаб факультетлар сони кўпайиши билан биргаликда, талабалар сони ҳам орта бошлайди. ХХ асрнинг 80 йилларига келиб университетда турли давлатлардан келган 40 мингдан зиёд талабалар таҳсил оларди. Лейпциг ўзига хос талабалар шаҳри номини ҳам олди.Тикланган эски ном
1990 йилда Германиянинг бирлашуви воқеаларидан сўнг Лейпциг университетига аввалги номини қайтариб беришди. Ҳозирда университетда 14 факультет мавжуд бўлиб, улардан 28 мингини хорижий талабалар ташкил қилади. Бу талабалар орасида Хитой, Вьетнам, Россия, Украина ва Польшадан келган талабалар кўпчиликни ташкил этади.ХХ асрнинг 80 йилларига солиштирганда собиқ Совет Иттифоқидан келган талабалар сони анча қисқарди. Университет матбуот котиби фикрича, бунинг сабабларини тушуниш қийин эмас. Совет Иттифоқи парчаланиб кетди, Германия бирлашди.

Университетнинг бугунги ҳаёти
Университет расмий вакили Тобиас Хён назарида, айни пайтда собиқ совет республикаларидан келиб ўқиётган талабалар сони анча ортди. Улар Лейпциг университетида иқтисод, кимё, информатика, математика ва немис тили борасида ўз билимларини янада оширмоқда.Университет бугунда халқаро талабаларни нимаси билан ўзига жалб қилмоқда? Аввало, 600 йиллик анъаналари ва удуми халқаро талабалар орасида тилга тушган. Бундан ташқари, айни пайтда университетда 150 та соҳа бўйича ҳам бакалавр, ҳам магистр даражасини олиш имконияти мавжудлиги ҳам ютуқ ҳисобланади.
Лейпциг бўлғуси кадрлар учун ўз назарияларини амалиёт билан боғлаш имкониятини ҳам бериб келмоқда. Макс Планк, Лейбниц, Фраунгофер ва Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш маркази каби тадқиқот институтлари бўлғуси кадрларга энг замонавий қулайликларни яратмоқда. Шунингдек, Лейпциг кутубхонасида 1913 йилдан бери нашр этилган китобларнинг бетакрор жамланмаси ҳам талабаларни бу даргоҳга жалб қилиб келмоқда.
Ниҳоят, университетда Иоган Вольфганг Гёте, Роберт Шуман, Рихард Вагнер, Фридрих Ницше, Готфрид Лейбниц каби таниқли шахсларнинг ҳам таҳсил олгани Лейпциг университетини танловчи талаба номзодлар орасида анча машҳур. Ҳозирги давр сиёсатчиларидан Ангела Меркель, собиқ Германия ташқи ишлар вазири Ганс Дитрих Геншер ва Чили президенти Мишель Бачелет ҳам айнан ушбу университетда таҳсил олган эди.

Лейпциг университетининг ўзига хос жиҳатлари:
- энг қадимги университетлардан бири;
- германиядаги университетлар рейтингида юқори ўринда;
- стратегик йўналишларда тадқиқотлар олиб борилади;
- 150 та тадқиқот институтига эга;
- халқаро бизнес бошқаруви дастурлари борасида таълим беради;
- талабалар алмашинуви дастурлари яхши йўлга қўйилган;
- университетда диншунослик, юриспруденсия, филология, педагогика, шарқшунослик, иқтисод, кимё, математика ва информатика, тиббиёт, биотехнологиялар ва психология, физика ҳамда ветеринария бўйича керакли даражаларга эга бўлиш мумкин.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.








