Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида жойлашган хусусий клиникага бурун операцияси учун кирган 33 ёшли бемор шифохонадан ўлик ҳолда чиқди. Бу ҳақда “Дарё”га марҳумнинг турмуш ўртоғи хабар берди.

Хонзодабегим Ҳусаинованинг маълумот беришича, турмуш ўртоғи Муҳаммаджон 10 апрель куни кечки соат 18:00 да операцияга кирган ва 22:30 да эса унинг вафот этгани маълум бўлган.
Операциядан олдин ёнбошидан иккита укол олди. Рентген қилишди, ҳаммаси яхши, соғломсиз дейишганди. Ўз оёғи билан операцияга кириб кетганди, дейди марҳумнинг турмуш ўртоғи.
Мурожаатчининг айтишича, у ўша куни клиникага олиб борган фарзандларини уйига ташлаш учун кетганида клиникадан қўнғироқ қилиб, соат 20:00 да турмуш ўртоғини палатага олишмоқчилигини хабар беришган.

Кечки пайт соат 20:20 ларда клиникага бордим. Борсам на шифокор бор, на ҳамширалар. Ҳамма ёқ тинч, кутиб турдик. Соат 22:00 дан кейин яна сўрадим. Жонлантириш бўлимини ёпиб, қулфлаб қўйишган экан. Эркакларни чақиринг дейишди. Талаб қилиб, ичкарига кирсак, эрим ўлиб бўлган ва ўраб қўйишган экан, дейди марҳумнинг беваси.
Марҳумнинг яқинларига кўра, бемор вафот этгач, шифокорлар воқеа жойидан қочиб кетган.
-nFU-kfMd.avif)
Баҳодир Қўчқоров деган шифокор операция қилганди. У вилоят шифохонасида ишлар экан. Биз аввалига давлат шифохонасига боргандик. Шифокор мен давлат шифохонасида операция қилмайман дегани учун кейин хусусийга бордик. Эрим ўлиб қолганидан сўнг шифокор клиниканинг ер тўласига яширинган экан. Мен ва қайнотам уларни излаб тополмай қолдик. Шифохонадаги лифтларни ҳам ўчириб қўйишганди, дейди марҳумнинг турмуш ўртоғи.
“Дарё” журналисти билан суҳбатда бўлган шифокор Баҳодир Қўчқоров операциядан сўнг қочиб кетганини инкор қилди. Шунингдек, беморни вилоят Болалар кўп тармоқли марказий шифохонасида фақатгина 18 ёшгача бўлган беморларга хизмат кўрсатилиши сабабли давлат шифохонасида операция қилмаганини айтди.

Бемордаги бурун тўсиғи қийшиғини тўғирлаш операцияси кўнгилдагидек ўтганди. Мен шундан сўнг беморни анестезиолог ихтиёрига топшириб, у ердан кетганман. Қочиб кетмаганман. Ўлим ҳолати мен операцияни тугатиб, чиқиб кетганимдан сўнг тахминан 15-20 дақиқадан кейин содир бўлган. Жарроҳлик амалиёти ҳеч қандай муаммосиз ўтди, қон ҳам кетмади, дейди вилоят болалар шифохонасида бўлим мудири сифатида фаолият юритувчи шифокор.
Шифокорнинг айтишича, одатда бундай операция бир соатга чўзилади.
Одатда биз операцияни чўзмаймиз. Қачонки, операция яхши ўтиб, тугаса шунда биз ишни тугатамиз. Масалан 15 дақиқага мўлжалланган амалиёт бир соатга чўзилиши мумкин. Бир соатга мўлжал қилинган операция эса 15 дақиқада тугаши ҳам мумкин, дейди у.
Маълум бўлишича, вилоят шифохонасининг “Лор” бўлими мудири Доктор-А хусусий клиникасида икки-уч ойдан бери фаолият юритмоқда. Клиника фаолият бошлаганига ҳам тахминан шунча вақт бўлган.
Йилига шунақа операциялардан 500 тасини ўтказаман. Ўн йилдан бери шунақа операцияларни қиламан. Шунча вақт давомида тахминан беш-олти мингта айнан шундай операцияларни бажарганман. Мен ўз ишимни тўлиқ ва хатосиз бажардим. Операция якунлангач, беморни анестезиологга топширганман, дейди шифокор.
“Дарё” журналисти хусусий клиника шунингдек, мазкур операцияда қатнашган анестезиолог билан ҳам суҳбатлашишга уринди. Бироқ клиниканинг оммага эълон қилинган телефон рақамларига жавоб берган ходим саволни эшитгач, телефонни ўчириб қўйди. Шунингдек, клиника айни кунда фаолият юритаётган ёки фаолияти тўхтатилганини ҳам билмаслигини қўшимча қилди.

Бош прокуратура ахборот хизмати 2025 йилнинг 10 апрель куни операция натижасида вафот этган бемор Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ходими эканини тасдиқлади.
Ҳолат юзасидан айни кунда Фарғона вилояти прокуратураси томонидан терговга кадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текшириш натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилинади, дейди идора ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов.
“Митти вайн” тахаллуси билан танилган 27 ёшли вайнер Фарҳод Маннопов 2023 йилнинг 5 март куни Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган хусусий клиникалардан бирида вафот этганди. У бассейнда сузаётган пайтида боши ва бурнидан жароҳат олган. Шу сабаб бурнини операция қилдириш мақсадида клиникага борган. Блогер Отабек Жўраевнинг айтишича, унинг ўлимига наркозни кўп бериб юбориш сабаб бўлган. Фарҳод Маннопов вафоти ортидан “Стар Мед” клиникаси лицензияси тўхтатилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги блогер вафоти юзасидан “Омад плюс” МЧЖга қарашли “СтарМедЦентр” клиникасида текширувлар олиб борилаётганини, шу сабабли муассаса фаолияти вақтинча тўхтатилганини маълум қилган. 2024 йилнинг 29 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида “Стар Мед Centр” хусусий клиникаси отоларингологи А.Х. ҳамда анестезиолог-реаниматологи Ж.Қ.га оид жиноят иши кўриб чиқилиб, ҳукм эълон қилинганди. Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ А.Х. ва Ж.Қ. Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, оқланди. А.Х. ва Ж.Қ. Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига Жиноят кодексининг 45-моддасини (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўллаган ҳолда 2 йил тиббиёт соҳасида тегишлилиги бўйича отоларинголог ва анестезиолог-реаниматолог вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Ж.Қ.га Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида ўташ учун 2 йил тиббиёт соҳасида анестезиолог-реаниматолог шифокор вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил 6 ой 27 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилиши белгиланган.
Изоҳ (0)