Ёз келиши билан кўпчилигимиз қуёшдан ҳимоя қилувчи крем суртишни ўзимизга эслатиб юрамиз. Гўёки бу одатга айланган. Лекин муаммо шундаки — ҳатто энг қиммат SPF ҳам, битта муҳим жиҳат эътибордан четда қолса, ҳеч қандай фойда бермайди. Биргина хато туфайли терингиз сиз ўйлагандек ҳимояланмаган бўлиши мумкин. Рианна, Ҳейли Бибер ва бошқа машҳурлар билан ишлайдиган дерматологлар нима дейди? Мақола давомида уларнинг фикрлари ва ҳақиқатан ҳам ишлайдиган фойдали маслаҳатларини улашамиз.

SPF суртган бўлсангиз ҳам нимани нотўғри қилаётган бўлишингиз мумкин?

Кенг тарқалган хатолардан бири — SPF’ни эрталаб бир марта суртишнинг ўзи кифоя, деб ўйлашдир. Аксарият одамлар эрталаб крем суртиб олади-да, қуёш остида кун бўйи юраверади. Аслида эса, SPF кремлар атиги 2–3 соат давомида таъсир кўрсатади. Айниқса, терлаганингизда, сузганда ёки пляжда юзингизни сочиққа ишқалаётган бўлсангиз, кремнинг ҳимоявий таъсири янада тез йўқолади. Шу сабабли дерматологлар қуёшдан ҳимояловчи воситани ҳар 2 соатда янгилаб суртиш кераклигини бир овоздан огоҳлантиради.
Яна бир кенг тарқалган хато — кремни жуда кам миқдорда суртиш. Кўпчилик SPF’ни жуда оз суради. Аслида эса, юз ва бўйин учун камида чорак чой қошиқ миқдорида крем керак бўлади. Бу тахминан икки бармоқ узунлигидаги кремга тенг. Тана учун эса бир кафт миқдорида SPF суртиш тавсия этилади. Акс ҳолда, крем терига етарли даражада тўсиқ ҳосил қила олмайди.
Кўпчилик яна бир хатога йўл қўяди — SPF ни нотўғри кетма-кетликда қўллайди. Масалан, баъзилар қуёшдан ҳимоя қилувчи кремни намлантирувчи воситадан олдин суртади. Бу эса SPF’нинг таъсирини деярли бутунлай йўққа чиқаради. Эслаб қолинг: қуёшдан ҳимоя қилувчи крем парваришнинг сўнгги босқичи бўлиши керак. Яъни, барча серумлар, намлантирувчи кремлар ва ҳаттоки макияждан кейин суртилади (агар макияж воситангиз SPF ўз ичига олмаган бўлса, албатта).
Актриса Эмма Робертс илгари тонал кремидаги SPF етарли деб ўйлаганини тан олган эди. Аммо унинг визажисти бу етарли эмаслигини, айниқса тонал крем жуда оз миқдорда суртилса, ҳимоя кучсиз бўлишини тушунтирган. Шундан сўнг Эмма SPF спрей воситасини макияж устидан қўллай бошлаган.
Юлдузларнинг дерматологлари бу мавзуда нима дейди?

Голливуд юлдузлари билан ишлайдиган дерматологлар ҳаттоки юлдузлар ҳам SPF’дан фойдаланишда хато қилишлари мумкинлигини тан олишади.Қуёшдан ҳимоя воситаси кўплар учун мавсумий чора эмас, балки кунлик гўзаллик тартибининг ажралмас қисмидир.
Ҳейли Бибер ва Белла Ҳадиднинг дерматологи, доктор Шеррин Идрисс “Энг қиммат SPF ҳам нотўғри суртилса ва кун давомида янгиланмаса, фойдаси бўлмайди” деб таъкидлайди. У кўпинча SPF билан қопланган пудра ёки спрейни ёнида олиб юришни маслаҳат беради.
Рианна бренди Fenty Skin билан ишловчи жамоа эса қизиқарли сирни очди: қўшиқчи қуёш кремидан доимий фойдаланади. Унинг сумкасида ҳар доим саёҳат учун мўлжалланган SPF крем бор ва у уни ҳатто суратга олиш орасида ҳам янгилайди.
Ким Кардашьян ҳатто уйнинг ойнаси ёнида ёки ёрқин студия ёритгичи остида ишлаётганда ҳам SPF суртишни унутмайди, дейди унинг дерматологи Гаролд Лансер.
Дерматолог қуёшдан ҳимояни ҳатто булутли кунларда ҳам янгилашни маслаҳат беради, чунки ултрабинафша нурлар булутлардан ўтиб кетади.
Хулоса қилиб айтганда, битта хато — энг қиммат SPF ҳам фойдасиз бўлади. Лекин яхши янгилик шуки, буни осон тузатиш мумкин: бир оз кўпроқ эътибор ва интизом керак. Агар Рианна суратга олиш орасида SPF янгилай оладиган бўлса, Ҳейли Бибер эса макияж устига ҳам сура оладиган бўлса, демак биз ҳам буни уддалашимиз мумкин. Ахир, порлаб турувчи ва ҳимояланган тери — сеҳр эмас, балки оддий, тўғри одатдир.
Изоҳ (0)