Бу тартиб 6 май куни Шавкат Мирзиёевга қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида бюрократияни қисқартириш ҳамда назорат самарадорлигини ошириш бўйича тақдим этилган таклифлар доирасида илгари сурилди. Унда қурилиш материаллари сифатини назорат қилиш механизмларини кучайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Янги тартибга кўра, объектга киритилган ҳар бир қурилиш материали nazorat.mc.uz платформасида электрон рўйхатдан ўтказилади. Материалнинг сифати ва келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам мажбурий равишда тизимга юкланади.
Бу орқали қурилишда айнан қандай материал ишлатилгани, у қаердан олиб келингани ва стандартларга қанчалик мос экани онлайн кузатиб борилади. Сифатсиз материаллардан фойдаланган қурувчиларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш ҳам таклиф этилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Тақдимотда лаборатория назоратини кучайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, узоқ ҳудудлардаги қурилишларда синовларни тезкор ўтказиш учун кўчма қурилиш-синов лабораторияларини йўлга қўйиш таклиф қилинди.
Президент соҳадаги янгиликлар амалиёт билан узвий боғланган бўлиши зарурлигини таъкидлаб, ҳудудий студиялардаги соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларнинг фикрларини тинглади. Таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.