Жорий йил 18 сентябрь куни актёр ва Калифорниянинг собиқ губернатори Арнольд Шварценеггер Берлиндаги Hertie School хусусий университетининг фахрий доктори унвонига сазовор бўлди. Бу ҳақда “Zakon.kz” хабар берди.
Тадбирдан лавҳалар университетнинг матбуот хизмати томонидан эълон қилинди. Терминаторнинг ўзи ҳам Instagram саҳифасида ушбу кундаги фотосуратларни бўлишди.
Актёр ушбу даражага иқлим ўзгаришларига қарши курашиш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун сазовор бўлди. Маросимда актёрни Германия вице-канцлери Роберт Ҳабек табриклади. У кино юлдузининг АҚШнинг Калифорния штати губернатори сифатидаги фаолияти давомида қайта тикланган энергия манбалари бўйича меҳнатини эътироф қилди.
Арнольд Шварценеггер 1947 йил 30 июлда Австриянинг Тал шаҳрида туғилган. Дастлаб моҳир бодибилдер сифатида танилган актёр “Терминатор”, “Йиртқич” ва “Қизил жазирама” каби ажойиб жангари фильмлардаги роллари туфайли халқаро юлдузга айланган. 1966 йилда у “Дунёнинг энг келишган эркаги” танловида иккинчи ўринни эгаллаган ва 1967 йилда у мутлақ ғолиб бўлган. 2003 йилдан 2011 йилгача у Калифорния губернатори бўлиб ишлаган. Жуда кам ойлик олганига қарамай, Шварценеггернинг ўзи “ушбу вақтни ҳаётидаги энг яхши даври” деб ҳисоблайди.
Изоҳ (0)