Telegram асосчиси Павел Дуровнинг Франциядаги манфаатларини ҳимоя қилувчи ҳуқуқшунос Девид-Оливиeр Каминский мессенжерда содир этилган жиноятлар учун Дуровни жавобгар қилиш иддаоларини бемаънилик деб атади.
“Telegram’да содир этилган ҳар қандай суиистеъмоллик учун платформа ёки унинг раҳбари жавобгар дейиш бемаънилик”, дейди адвокат.
Дуров 24 август куни кечқурун Озарбайжондан учиб келган Париж Ле Бурже аэропортида қўлга олинган эди. У 29 август куни 5 миллион евро гаров эвазига ҳибсдан озод қилинди.
Унга ҳафтада икки марта полицияга келиб туриш мажбурияти юкланган ҳолда Франциядан чиқиши тақиқланди. Париж прокуратураси баёнотига кўра, 39 ёшли Дуровга нисбатан бир неча жиноят содир этганликда гумон қилиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Улар орасида ноқонуний фаолият олиб борилаётган платформани бошқариш, ҳокимият органларининг сўровларига кўра маълумот беришни рад этиш, пул ювишда иштирок этиш, болаларга нисбатан жинсий жиноятлар содир этиш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва фирибгарликда иштирок этиш каби жиноятлар мавжуд.
Ҳужжатга кўра, Дуровга қарши дастлабки тергов Франция Миллий полицияси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бошқармаси (ОФМИН) иштирокида февраль ойидаёқ бошланган. Прокуратура маълум қилишича, терговни бошлашга Telegram платформаси томонидан давлат органларининг сўровлари бир неча бор эътиборсиз қолдирилгани сабаб бўлган.
Изоҳ (1)
Pul yuvish nima degani?