Украина Қуролли кучлари Курск вилоятидаги 28 та аҳоли пунктини назоратга олди. Бу ҳақда вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов Владимир Путин билан учрашувда маълум қилди.
“Курск вилояти ҳудудига кириш чуқурлиги 12 километрни, фронт бўйлаб кенглиги 40 километрни ташкил этади”, дейди расмий.
Смирновнинг сўзларига кўра, Украина қўшинлари назоратидаги аҳоли пунктларида 2 мингга яқин одам бўлган, уларнинг тақдири номаълум. Унинг қўшимча қилишича, Украина армиясининг ҳужуми пайтида Курск вилоятининг 12 тинч фуқароси ҳалок бўлган, 121 киши, шу жумладан, 10 нафар бола яраланган. 12 август ҳолатига кўра, вилоятнинг чегара ҳудудларини 121 мингга яқин аҳоли тарк этган, жами 180 минг киши эвакуация қилинган.
Украина Қуролли кучлари 2024 йил 6 августдан буён Курск вилоятида ҳарбий операция ўтказмоқда. Кореневский ва Суджа туманларида фаол жанглар кетмоқда. 10 август куни Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида аксилтеррор операцияси режими жорий этилган.
Украина хавфсизлик хизмати юқори мартабали мулозимининг AFP нашрига маълум қилишича, операцияда “минглаб Украина ҳарбийлари иштирок этган”.
Изоҳ (0)