АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп сайловда ютиб чиқадиган бўлса, Путин ва Зеленский ўртасида учрашув ташкил этишга ваъда берди. Бу ҳақда АҚШ маҳаллий нашрларига таяниб, “Правда” хабар берди.
Манбада айтилишича, Дональд Трамп америкалик журналист Один Россга интервью берган. Интервьюда собиқ президент Украина ва Россия раҳбарларини юзма-юз музокарага олиб келиш режасини айтиб ўтган.
Трамп унинг ҳокимияти Путинни ҳам, Зеленскийни ҳам ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ундай олишини айтган. Бунга сабаб сифатида эса Трамп Россия президенти билан яхши муносабатда бўлганини келтирган.
“Агар сайловда ғалаба қозонсам, биринчи навбатда Путин билан боғланаман, кейин эса Зеленский билан. Мен уларнинг иккаласини ҳам яхши биламан ва музокаралар бошлашга ундай оламан”, деган АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод.
Дональд Трамп икки рақиб давлат раҳбарини қай тариқа музокара столига олиб келиши мумкинлигини айтмаган. Журналистнинг батафсил маълумот беришни сўраб қилган мурожаатлари жавобсиз қолган.
Дональд Трамп аввал ҳам Оқ уйга қайтгандан сўнг Украина можаросига тезда якун ясаши ҳақида бир неча бор айтган. Бироқ қандай сценарий асосида бунга эришишини маълум қилмаган. The Washington Post нашрининг ёзишича, Трамп Киевга Қримнинг Россия таркибига киришини, шунингдек, Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятлари Москва таъсир остида эканлигини тан олиш учун босим ўтказиш ниятида.
Изоҳ (0)