Чехия парламенти депутати Дануше Нерудова ва литвалик депутат Пятрас Ауштрявичюс Европа комиссиясига мактуб йўллади. Унда Венгриянинг россияликлар учун виза режимини юмшатиш ҳақидаги яқинда қабул қилган қарори муносабати билан чоралар кўриш талаб қилинган.
Европарламент депутатлари бу Шенген зонаси фаолиятини хавф остига қўяди, деб ҳисоблайди. Улар Европа Иттифоқини Венгрияни Шенгендан чиқариб ташлашга чақиришди.
“Агар Венгрия ҳукумати ўз сиёсатини ўзгартиришдан бош тортса, Комиссия ва Европа Иттифоқининг барча вакиллари Европа фуқароларини ҳимоя қилиш бўйича янги чоралар, жумладан, зарурат туғилганда Венгрия чегараларида янги назорат пунктлари ўрнатиш йўли билан Шенген ҳудудида Венгриянинг мавжудлигига эътироз билдириши керак”, дейилади мактубда.
Хатда, шунингдек, Европа Иттифоқи давлатлари Венгрия визаларини тан олмаслиги мумкинлиги айтилади. Politico хабарига кўра, мактубни 70 га яқин депутатлар, жумладан, Бельгия ва Ирландиянинг собиқ бош вазирлари имзолаган. Нашр мактубга имзо чекканларнинг исмини келтирмаган.
Июль ойи охирида Венгрия Россия ва Беларусь фуқароларини мамлакатда ишлашни хоҳловчиларга бериладиган миллий карта дастурига киритди. Шундан сўнг Европарламентдаги энг йирик Европа халқ партияси раҳбари Манфред Вебер Венгрия виза чекловларини бекор қилиш орқали “рус жосуслари”га янги йўлаклар яратиши мумкинлигини айтиб ўтди.
Изоҳ (0)