Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Марғилон шаҳридаги Mr.fish company МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси муассиси, эронлик ишбилармон Шафи Ғулом Ризо ҳамда инвестор Катаюн Беҳзадини қабул қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашувда корхона томонидан Марғилонда амалга оширилаётган Эрон стартап компаниялари иштирокида Технопарк ҳамда савдо мажмуаси ташкил этиш лойиҳасини жадаллаштириш масаласи муҳокама қилинди.
Қиймати 5 млн доллар бўлган инвестицион лойиҳа доирасида ташкил этилаётган Технопарк ҳамда савдо мажмуасида жами 500 дан зиёд доимий иш ўринлари яратилаётгани Шафи Ғулом Ризо томонидан маълум қилинди.
Эрондаги кичик ва ўрта бизнеснинг инновацион компаниялари бу лойиҳага катта қизиқиш билдираётганини қайд этган ишбилармон, компаниялар ишлаб чиқаришни ташкил этиш билан бирга ўз маҳсулотларини сотиш имкониятига ҳам эга бўлишларини билдирди.
Тошкентда очилиши устида иш олиб борилаётган Эроннинг Шариф Технологиялар университетининг амалиёт бўлимини ҳам Марғилонда ташкил этилаётган Технопаркда жойлаштириш ҳамда муҳандислар тайёрлашда Фарғона политехника университети билан ҳамкорлик ўрнатиш масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)