Жиронда департаменти (Франция жануби-ғарбий қисми) полицияси Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинлари вақтида теракт тайёрлаганликда гумон қилинган эркакни қўлга олди.
Бу ҳақда Миллий аксилтеррор прокуратураси (PNАТ)га таяниб, RMS радиостанцияси маълум қилди.
“Жиронда департаментида 18 ёшли йигит ҳибсга олинган”, дейилади хабарда.
Қўлга олинган шахс террорчилик гуруҳида иштирок этганликда гумон қилинмоқда. Қайд этилишича, у ижтимоий тармоқлардаги хабарларида “айниқса, спорт мусобақалари вақтида жиноий ҳаракатлар содир этиш” ниятида эканлигини билдирган.
Олимпия ўйинлари 26 июлдан 11 августгача бўлиб ўтади. 2024 йилги Олимпиаданинг очилиш маросими биринчи марта стадион ташқарисида ўтказилади, унда 10 500 нафар спортчи Сена дарёси бўйлаб қайиқларда Париж марказидан сузиб ўтади. Очилиш маросимида юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларнинг юқори хавфини ҳисобга олиб, томошабинлар сонини 600 мингдан 326 минг кишига камайтиришга қарор қилинди.
Мусобақа вақтида хавфсизликни 45 мингга яқин француз полицияси ва жандарми, шунингдек, 20 минг ҳарбий таъминлайди.
Аввалроқ Париж полицияси масъули Лоран Нунес Францияда террорчилик таҳдиди доимий эканлигини бир неча бор таъкидлаган эди.
Изоҳ (0)