Исроил делегацияси Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни алмашиш бўйича музокараларда қатнашмади, дея ахборот манбаларига таяниб Politico хабар берди.
Ғазодаги урушни тугатиш бўйича музокараларда иштирок этган Исроил делегацияси шу ҳафта кечки босқичдаги музокараларда қатнашмасликка қарор қилди. Бундан томонлар келишувга яқин, деб ҳисоблаган АҚШ расмийларининг ҳафсаласи пир бўлди, дейилади хабарда.
Исроил расмийлари бу борада ҳеч қандай изоҳ бермаган. Президент Жо Байден маъмурияти Тель-Авивнинг қарорини музокаралар жараёни учун муваффақиятсиз деб ҳисобламаса-да, кўплаб америкалик расмийлар бу қарордан ҳафсаласи пир бўлган.
Аввалроқ Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати воситачилар орқали гаровга олинганларни озод қилиш эвазига Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни қайта бошлаган эди. Байден Исроил номидан можарони ҳал қилиш бўйича янги режани илгари сурганидан бери музокаралар жараёни бир ойдан кўпроқ вақт давомида тўхтаб қолган.
Изоҳ (0)