Хоразм, Бухоро, Андижон ва Фарғона вилоятларида табиий ресурс тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Қўшкўпир туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда “Б.С.” фермер хўжалиги раҳбари ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, тижорат мақсадида “МТЗ-80” моторли сув насоси ускунасини табиий газ тармоғига тўғридан тўғри улаб, 417 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Департаментнинг Учкўприк туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Ш.О.” МЧЖ раҳбари О.Й. МЧЖ ишлаб чиқариш цехидаги ускуналарни умумий фойдаланишдаги газ тармоғига яширинча улаб, 286,2 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани маълум бўлган.
Шу каби, департаментнинг Булоқбоши туман бўлими томонидан ва “Ўзэнергоинспекция”нинг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширувда “Н.Ф-М.” МЧЖ энергетиги А.З. ва бошқалар МЧЖнинг ишлаб чиқариш ускуналарини тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тўғридан тўғри улаб, 230 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Департаментнинг Шофиркон ва Ромитан тумани бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса “И.Ф.” фермер хўжалиги ҳамда “Ч.К.” МЧЖ масъул шахслари электр сув насосларини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида тўғридан тўғри улаб, жами 122,6 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида 806,9 миллион сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган новвойхона аниқлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)