Хитойлик сиёсатчи Зоу Жибо Владимир Путиннинг Осиё мамлакатларига сафари Ғарбнинг Россияни изоляция қилиш режаларига путур етказганини маълум қилган. Бу ҳақда мутахассиснинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда “ТАСС” нашри хабар берди.
Мутахассисга кўра, Путиннинг сўнгги ташрифлари Россиянинг шарққа қараб ривожланиш мақсадларидан далолат беради. Хитой, Шимолий Корея ва Вьетнамдаги учрашувлар, уларда эришилган келишувлар Москванинг бу мақсадларини тасдиқлайди.
Сиёсатчи Зоу Жибо Путиннинг сафарларини стратегик ташриф дея баҳолаган. Чунки ушбу воқеалар Россия учун муқобил ҳамкорларни шакллантиради ва санкциялар оғирлигини енгиллатишга ёрдам беради.
“Путиннинг Хитой, Шимолий Корея ва Вьетнамга ташрифлари нафақат Россия ва бу давлатлар ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларни мустаҳкамлади, балки ҳозирги вазиятда Ғарбнинг Россияни халқаро миқёсда яккалаб қўйиш амбицияларини ҳам бузди”, — дея таъкидлаган Пекиндаги Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти директори ўринбосари Зоу Жибо.
Манбада келтирилишича, Москва учун эндиликда Ғарб билан алоқаларни тиклаш анча муаммоли бўлади. Улар қайта тикланганда ҳам ишонч асосига қурилмайди.
Хитойлик эксперт Зоу Жибо Россия шарқий қўшнилари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиб, геосиёсий юкламалардан халос бўлиши мумкинлигини билдирган. Айни пайтда халқаро таҳдидга учраётган Хитой ва Шимолий Корея каби мамлакатлар ҳам бу ҳамкорликдан манфаатдор.
Изоҳ (0)