Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.М. фуқаро О.Қ.га ўзини гўёки Бухоро шаҳар ҳокимлигида ҳайдовчи вазифасида ишлашини айтиб, танишлари ёрдамида уй-жой сотиб олиш учун 350 млн сўм имтиёзли кредит олиб бериши эвазига 3 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б.И. фуқаро Б.У.га гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида 2 минг доллар эвазига Беруний туманидаги тижорат банкларининг биридан 200 млн сўм имтиёзли кредит олиб беришини айтиб, эвазига 8 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)